Самарқандда Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, вилоят маданият бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ўтказилган танловда ўттиз нафардан ортиқ ижодкор 200 дан кўпроқ ижодий иши билан қатнашди.
– Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловини юқори савияда ўтказиш вазифаси белгиланган, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Акрам Ҳайдаров. – Кўрик-танловга мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, тасвирий санъат намояндалари, қўшиқчилик, фото ва дизайн усталарининг “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган, “Ўзбекистон–2030” стратегияси, шунингдек, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат ҳамда ҳудудий дастурларининг ижроси, мазмун-моҳияти ва тарғиботи акс этган ижодий ишлар қабул қилинди.
Ижодий ишларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юртдошларимизнинг турмушини яхшилашга, дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилаётганини тарғиб этиш, юртимизни ҳар томонлама обод қилиш, унинг иқтисодий қудратини кучайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий аҳамиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Танловда ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, журналистларнинг публицистик нашрлари, босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг ижодий ишлари, оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари, телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари, тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари, санъаткорларнинг юртни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлари номинациялари бўйича 15 нафар ғолиб аниқланди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов танлов ғолибларини табриклаб, уларга диплом ҳамда қимматбаҳо совғаларни топширди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари