Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватанни севмоқ иймондандир
20:49 / 2023-02-21

Ҳар биримиз ўз оиламиз, туғилиб ўсган қишлоғимиз, шаҳримиз, бир сўз билан айтганда, Ватанимиз ҳақида гап кетса, беэътибор бўлолмаймиз, негаки, киндик қонимиз тўкилган гўша – ота макон, она юртни ардоқлаш ва улуғлаш табиатимизда мужассам. Ватанни асраб-авайлаш, севиш, уни ҳимоя қилиш ҳар бир шу азиз макон фарзандининг муқаддас бурчи. Зеро, Ватанни севмоқ иймондандир.

Дунёда юзага келган нотинчликлар, авж олаётган қарама-қаршиликлар ана шу муқаддас бурчга садоқат масъулиятини ошириш баробарида ҳар биримизни янада огоҳ ва хушёр бўлишга ундаётгандек.  

Бугун пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида ўтказилган “Ватан манзумаси” номли адабий-маърифий кечада янграган Ватанни, онани, аёлни, севги-муҳаббатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, таниқли шоир Маҳмуд Тоир,  Шодмонқул Салом, Шоди Отамурод, Мансур Жумаев каби ёш шоир ва шоираларнинг элу юрт, тинчлик-тотувлик,  табиатимиз ва оилага оид шеърлари беихтиёр одамни ана шу сингари ўйга толдиради. Шунинг билан бирга фикрлаш ҳамда мушоҳада  қилишга чорлайди, таъсирлантиради.  Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ўз-ўзидан таъминланмаётгани, уни қадрлаш, сақаш ҳар қачонгидан ҳам устувор аҳамият касб этаётганини янада теран англайсиз.  

Тинчлик – энг бебаҳо неъмат. Иштирокчиларга маънавий озуқа берган кечада қатнашган одам тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун бутун халқ бир тану бир жон,  аҳил-иноқ, Ватанга садоқатли бўлиши, бирлашиши, якдил бўлиши лозимлигини ҳис қилади, қалбан тушунади.

Ушбу тадбир шу ном остида аввалроқ бўлиб ўтган кечага ўхшаш тарзда ташкиллаштирилган бўлса-да ўзига хос жиҳатлари бор. Таъкидлаш жоиз,  бундай янгича форматдаги тадбирларга зарурат ва эҳтиёж борлиги, бу сингари кечаларни доимий ўтказиб бориш лозимлиги равшанлашмоқда.  

Холмурод Салимов,  

журналист