Ҳар бир мамлакатнинг тинчлиги ва барқарорлиги унинг кучли армияси билан мустаҳкамланади. Шу боис 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни ҳар бир ўзбекистонлик учун алоҳида аҳамиятга эга сана ҳисобланади. Ушбу байрам нафақат тарихий маънога эга, балки ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ ўртасидаги иттифоқни мустаҳкамлашда ҳам муҳимдир.
Бу йилги байрам тадбири Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари 7535-харбий қисми ҳамкорлигида ташкил этилди.

Байрамда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар, ҳарбий хизматчилар, ёшлар етакчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Учрашув аввалида Ватан ҳимоячилари ва мустақиллигимиз, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлида фидокорона хизмат қилаётган ҳарбийлар хотирланди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда Қуролли Кучларни модернизация қилиш, ҳарбий хизматчилар учун қулай ва замонавий шароитлар яратиш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Ватан ҳимояси – муқаддас бурч экани, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, масъулият ва жасорат туйғуларини мустаҳкамлаш аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Байрам дастури доирасида ҳарбий хизматчилар ва фаол ёшлар томонидан тайёрланган маънавий-маърифий ва бадиий чиқишлар намойиш этилди. Ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар, саҳна кўринишлари ва мусиқий композициялар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Тадбир якунида бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, фаол ёшлар ва ташкилотчилар ташаккурномалар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Мазкур байрам тадбири ёшлар орасида ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, ҳарбийлар ва ёшлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА