Шеърият мухлислари учун Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижоди ғоят қадрлидир. Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан шоир таваллудининг 69 йиллигига бағишланган маърифий тадбирлар, анжуманлар ўтказилмоқда.
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ҳам Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Кейинги йилларда миллий адабиётимиз ривожига қаратилаётган эътибор ижод аҳлини янада фаолроқ меҳнат қилишга ундаётгани тадбирда алоҳида таъкидланди. Бу жараёнда сўз санъати ривожига катта ҳисса қўшган устозлар ижодини кенгроқ тарғиб этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Халқимизнинг суюкли шоири Муҳаммад Юсуфнинг гоҳ шодон, гоҳи изтиробли, баъзан маъюс ёки завқли шеърларида самимият, миллий руҳ устувор эди. Ватан, ҳуррият, она-табиат, чин инсоний туйғулар тараннуми устувор ўрин эгаллайди. Айни пайтда шоир шеърлари билан айтилувчи қўшиқлар мусиқа ихлосмандларининг кўнглидан ўрин олган.
Шоирнинг "Таниш тераклар", "Илтижо", "Уйқудаги қиз", "Ҳалима энам аллалари", "Ишқ кемаси", "Эрка кийик", “Улуғимсан, Ватаним” , “Сайланма” , “Халқ бўл элим” ва бошқа шеърий китоблари адабиёт мухлисларига яхши таниш. Ижодкорнинг шеърларида унинг фаол фуқаролик позицияси, мудом уйғоқ виждони, ўз халқи, Ватани, адабиёт олдидаги бурчи яққол кўзга ташланиши олимлар, адабиётшунослар, китобхонлар томонидан юксак эътироф этилади.
Бугунги кунда шоирнинг шеърий тўпламлари фаол нашр этилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Марғилонда Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби самарали фаолият кўрсатмоқда.
Адабий тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижоди, унинг бадиий қиймати, тарбиявий аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.
[gallery-11590]
Халқимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 69 йиллигига бағишланган маърифий тадбирлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА