Навоий вилоятида ҳам 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни кўтаринкилик билан нишонланмоқда.
Байрам дастлаб барча корхона, ташкилотлар, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланиб, тинчлик ва осойишталик йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига эҳтиром кўрсатилди.
Байрам тантаналари вилоят ҳокимлиги мажлислар залида давом этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, юртдошларимизни байрам билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, Навоий гарнизонида фаолият юритаётган барча ҳарбий қисм ва муассасалар учун Кармана тумани ҳудудида барча қулайликларга эга бўлган “Дала ўқув маркази-полигони” қуриб битказилди. Ҳозирги кунда мазкур полигонда сиёсий ва жанговар тайёргарликни оширишга қаратилган “Довюрак жангчи”, “Отиш тайёргарлиги”, “Аҳоли тинчлигини сақлаш” каби тайёргарлик тадбирлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, 2025 йил давомида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, онгу тафаккурига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканлиги, миллий армиямиз билан фахрланиш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлашга нисбатан масъулият туйғусини чуқур сингдиришга қаратилган қатор маърифий ва тарбиявий тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, умумтаълим мактаблари ҳамда касб-ҳунар техникумлари ўқувчилари учун ҳарбий қисмлар ва полигонларга экскурсиялар, “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ташкил этилди. Мактабларда “Ватанпарварлик”, “Мардлик” ва “Жасорат” мавзуларида тарбиявий дарслар ўтказилиб, ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар фахрийлари иштирокида “Ватан тинчлигига барчамиз масъулмиз!”, “Ватан озодлиги – бахт гарови!”, “Ватанга хизмат – олий фазилат” каби мавзуларда давра суҳбатлари ҳамда авлодлар учрашувлари бўлиб ўтди.
Шунингдек, ёшлар ўртасида “Ҳарбий қисмда бир куним” лойиҳаси доирасида бир кунлик ўқув-йиғинлари ўтказилиб, ушбу тадбирларга жами 8 минг нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди.
Бугунги кунда уюшмаган ёшларни “Жасорат мактаби” ўн кунлик йиғинига жалб қилиш ишлари ҳам юқори самара бермоқда. “Жасорат мактаби”га 2025 йилнинг ҳар чорагида 100 нафардан уюшмаган ёшлар жалб этилиши натижасида жами 400 нафар ёшларга уларнинг қизиқишини ҳисобга олган ҳолда “Ишга марҳамат” касбий кўникмалар маркази томонидан касбий билим асосида тегишли сертификатлар берилди.
Якунланган йилда мактабларда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик синфларини замонавий жиҳозлаш мақсадида 71 та таълим муассасасига жами 1,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди ва белгиланган ишлар тўлиқ амалга оширилди. Натижада вилоятимизда бундай синфлар билан таъминланган мактаблар сони 143 тага етди. Келгусида ушбу кўрсаткични босқичма-босқич ошириб бориш режалаштирилган.
[gallery-27119]
– Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир юртдошимизнинг кўксини ғурурга тўлдирадиган жараёндир, – дейди ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, подполковник Бекзод Ўрозов. – Бизнинг ҳарбий қисмимиз аскарлари ва ҳарбий хизматчилари ҳам бу йўлда фидокорона меҳнат қилмоқда. Ўз навбатида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг касбий тайёргарлигини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, назарий ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилаётган турли тадбирлар, мусобақаларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2025 йилда ташкил этилган “Армия ўйинлари” баҳсларида Марказий ҳарбий округи шарафини ҳимоя қилган Навоий шаҳридаги ҳарбий қисм муддатли ҳарбий хизматчилари 8 та йўналишнинг 23 та мутахассислиги бўйича иштирок этиб, 10 та 1-ўрин, 6 та 2-ўрин ва 3 та 3-ўринни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида мутлақ ғолиб деб топилди. Кучли рақобат руҳи остида кечган мусобақаларда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг доимий шайлиги, жанговар ҳаракатлар ва махсус тадбирларни олиб боришдаги уюшқоқлиги, берилган вазифаларни сифатли бажариши, шартларга тайёргарлик даражаси, жисмоний ва руҳий ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни байрам билан муборакбод этаман.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тинч ва осудалигимиз барқарорлиги, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда фидокорона хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи, ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.
Байрам тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, қишлоқ ва овулларида давом этмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари