Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватанни елкасида кўтарган йигит
08:12 / 2024-09-08

"Олтин мерос пресс" нашриётида истеъдодли (марҳум) журналист, қалби мудом эзгулик маёғидек ёнган Соҳибжон Алижоновнинг "Бизни қаритолмас йиллар, замонлар..." китоби нашр этилди. Албатта, унинг вафоти миллий журналистикамизда баравж ўсиб келаётган азим бир чинорнинг кутилмаганда қулашига ўхшайди. Чиндан ҳам унинг соҳада ўз сўзи ва овози бор эди.

У ҳалол меҳнатдан ҳеч қачон қочмаган. Рўзғор ташвишида тўй ва концертларда бошловчилик ва ҳофизлик қилган даврларини ҳам кўп айтиб берган. Олийгоҳни тамомлагач, мактабда ўқитувчилик, маданият клубида мудирлик, туман "Маънавият ва маърифат бўлими"да раҳбарлик қилган, имкон топилганда далада деҳқончилик билан шуғулланган. Боғ яратиб, ниҳол парваришлаган. Жуда моҳир дурадгор ҳам бўлиб, китобдан ўрин олган "Етмиш ҳунаримдан биттасини ишга солганим ҳақида..." сарлавҳали мақоласида уйда фойдаланиш учун қўлбола фитобочка ясагани ва оила бюджетига 10 миллион сўм маблағ тежаганини қизиқарли тарзда ҳикоя қилган.

Унинг касбий таржимаи ҳоли жуда ранг-баранг. "Боғдод" телестудияси сухандони, муҳаррири ва бош муҳаррири (1996-1997), Ўзтелерадиокомпаниянинг "Ёшлар" телеканали "Давр" дирекцияси бўлим бошлиғи (1998-2000) лавозимларида ишлаган кезлари чиндан ҳам ойнаи жаҳоннинг ёрқин юлдузига айланган.

2000-2006 йилларда Президент девонида маданият, ижодий ташкилотлар, жамоатчилик билан алоқалар ва матбуот ишларини мувофиқлаштириш бўйича масъул лавозимда фаолият юритган. 2006-2015 йилларда "Давр" ахборот дастурлари бош муҳарририяти бош муҳаррири, 2015-2018 йилларда "Маҳалла" телерадиоканали директори, "Тошкент" телерадиоканали директорининг ўринбосари, "Ўзбекистон 24" радиоканали ва кейинроқ "Ўзбекистон 24" телеканали бош муҳаррири сифатида сермаҳсул меҳнат қилган.

2019 йилдан "Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази" давлат муассасасида бош муҳаррир ва кейинроқ директор лавозимида ишлаб келган эди.

Биз Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетида ўқир эдик. Талабалар ётоқхонасида барча учун атиги битта телевизор бор эди ва ундан ҳаммамиз умумий фойдаланардик. Ўша йили ТРК раиси ўринбосари Фарҳод Рўзиев бизнинг гуруҳга раҳбар этиб тайинланди ва турар жойимизга келиб, журналист талабалар учун алоҳида хона ташкил этилишини таъминлади. Унга ўз ҳисобидан рангли телевизор ҳам қўйиб берди.

Интернет йўқ, мобил телефонлар кам бўлган вақтларда телеканаллар янгиликлар дастурларини, хусусан, "Ёшлар" телеканалининг "Давр" дастурини мириқиб томоша қилардик ва соҳага қизиқишимиз тобора ортарди.

Адашмасам, 2000 йил эди. Биринчи Президент Ислом Каримовнинг йил якунларига бағишланган танқидий йиғилишлардан бири якунланганда кутилмаганда журналистлар фикри сўралди. Катта раҳбарлар бир-бирига қараб, фикр билдиришдан қочган вақтда, Соҳибжон ака ўрнидан туриб, фикрини дадил ва ёрқин баён қилган. Бу ҳолат Президент томонидан илиқ қабул қилинган эди. Бу воқеа биз талабаларга жуда кучли таассурот қолдирганди.

Соҳибжон ака Президент девонида, "Маҳалла" ва "Ўзбекистон 24" телеканалларида ишлаган пайтлари тадбирларда ва суҳбатларда юқори тафаккур даражасида мулоқотлар қилиб турарди. У барча билан тез тил топишадиган, мушоҳадали ва фикрлари аниқ инсон эди.

Уни кўп куйинтирган ва ҳануз ҳал қилинмаган муаммо — ахборот каналларимизда хорижий давлатларда ўз мухбирларимиз йўқлиги. Глобаллашув даврида ахборотни “биринчи қўл”дан олиш қанчалик муҳимлиги ва бу миллий манфаатларимизга қанчалик мос келиши ҳақида у жиддий ўйланганди. “Ўзбекистон 24” телеканали бу муаммога ечим излашга ҳаракат қилган, лекин бу улар ҳал қила оладиган кичик масала эмасди.

Соҳибжон Алижонов кўп қиррали ижодкор бўлиб, ижодий фаолияти фақат телевидение билан чекланиб қолмаган. У ижтимоий тармоқларда, айниқса, “Фейсбук”да анча фаол бўлган. Ҳар бир чиқиши катта ижтимоий баҳс-мунозараларга сабаб бўлар, кўплаб “лайк” ва “комментарий”лар йиғарди. У муаммолар ҳақида қисқа, лўнда ва ўқувчининг кўнглига манзур тарзда ёзарди.

Унинг тили кескин ва аччиқ эди, юракнинг чуқур қатламларига тегадиган қилиб ёзарди. Фикрларига киноя либосини кийдириб, енгил юмор руҳида ўқувчига етказиш маҳоратга эга эди. Жумла остида яширин маънолар турарди. Очиқ айтиш мумкинки, ўткир муаммоларни юмалоқ-ёстиқ қилиб ёзиб бўлмайди.

У сарлавҳаларни жуда чиройли топар, биринчи нигоҳданоқ ўқувчини жалб этарди. Мақола бошланишида жумбоқли савол қўяр ва ижтимоий-сиёсий мавзуларнинг ичига чуқур кириб боришга ҳаракат қиларди. Мақолалари катта ҳажмда бўлмаса ҳам, маъно жиҳатдан жуда бой, салмоғи юқори, ҳикматли ва ибратли эди. Ҳар бир сўзи нишонга аниқ уриладиган мерган камончига ўхшарди.

У ҳеч қачон бирор нарсани шунчаки ёзмас ёки эфирда вақт ўтказиш учун чиқмасди. Шу сабабли мақолаларининг бирор абзацини ўқимаслик ёки эфирда бир дақиқани ўтказиб юбориш мумкин эмасди.

Чиқишларида турли масалалар кўтариларди — янгидан ўсиб келаётган фашизм балосидан тортиб, ижтимоий тармоқларда манқуртга айланаётган авлодгача; қонунларнинг чала саводлик билан чиқарилаётганидан тортиб, миллий сўмимиз дизайнидаги хатоларгача; дабдабали тўйларимизнинг миллат фожеасига айлангани ёки тилимизнинг обрўсини тушираётган ўзимиз эканимизгача.

Хусусан, Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муродова ҳақидаги машҳур кўрсатуви бир бадиий фильмдан кам ишланмаган: “Қишлоқда қуёш эртароқ чиқади... Қишлоқда эрта тонг отади. Катта шаҳарларда одамлар энди уйғонганида қишлоқдагилар ярим кунлик ишини қилиб бўлган бўлади. Лолахон опа-ку эрта туришда офтобни ҳам доғда қолдиради... Пахтазорлару буғдойзорларнинг тонгги ифори ва чангу ғуборлари унинг қонига сингиб кетган”.

Бу сўзларни айта олиш учун қаҳрамоннинг бутун ўй ва кечинмалари, ички изтироблари ва ҳаракатларини теран англаган, бадиий камолотга етган журналист бўлиш керак.

Ёки она тилимиз ҳақидаги “Эгаси турткилаганни бегона тепкилайди” мақоласида душманни четдан изламасдан, забонимизга энг аввало ўзимиз кўпроқ эътиборли бўлишимиз кераклигини тушунтиради: “Ҳар учта сўздан биттасига русча қўшамизми? Қўшамиз. Аксариятимиз ўз тилимизда равон гапира олмаслигимиз, “анақа...”, “манақа...”, “нима...”, “ҳалиги...” деб чайналишимиз ростми? Рост! Иккита жумлани бир-бирига боғлай олмайдиган, қоғозда ёзганиниям ўқиб бера олмайдиган амалдорларимиз борлиги ҳақиқатми? Ҳақиқат! Сайтларда, ижтимоий тармоқларда, кўчадаги ёзувларда услубий ва имло хатолари борми? Бор! Тилимизнинг обрўсини туширган ўзимиз-ку!”

Водийлик истеъдодли хонанда Муҳаммадкарим Соипов ҳақидаги “Суянгани тор бўлди...” мақоласида қуйидаги сатрлар унинг маҳоратли ифода воситаларидан қандай фойдаланганини яққол тасдиқлайди: “Ўша дамда Ҳофизнинг ўтли хонишлари, қаҳратондан тўнглаб қолган ҳаволарни чарс-чурс ёриб ташлади. Қўшиқлар ҳарорати осмондан шитир-шитир ёғиб турган майда, қаттиқ қиров парчаларини илиқ баҳор ёмғирига айлантиргандек бўлди”.

“Тўй қариндошда, ғавғоси бизнинг бошда... бўлмасин” мақоласи ўша пайтда телеканалларда урф бўлган маъносиз сериаллар ва бошқаларнинг шахсий ҳаёти муҳокама қилинадиган “ток-шоулар” ҳақидаги кескин танқидий чиқиш бўлганди.

Албатта бу жараёнларда муносиб ҳаракат қилаётган журналистлар ҳам борлигини, аммо андишасизлик, уятсизлик, юзсизликни пул орттириш манбаига айлантириб олганларга асло тоқат қилиб бўлмаслигини ва қатъий чора кўриш зарурлигини таъкидлайди.

“Кесишдан олдин ўлчавосак...” сарлавҳали мақоласида эса у уйида уста ишлатгани, бироқ уста ўқувсизлик қусури сабабли “куйиб” қолганини айтади. Бу иллат жамиятимиздаги барча соҳаларда ҳам илдиз отиб бораётганидан ташвишланади: “Уста, аввал ўлчаб, аниқ ҳисоб-китобини чиқарволсангиз бўлмайдими?” десам, “Мен “на глаз” ўлчаб ташлайман” дейди. Ана шу “на глаз”ининг касрига кўп ишни бошқатдан қилишига тўғри келди”.

Тўпламни ўқиш орқали таниқли журналистлар Аҳмаджон Мелибоев ва Муҳаммаджон Обидов, академик Абдулла Аъзамов, водийдаги илк хусусий телестудия директори Тоҳиржон Ҳамроқулов, истеъдодли адиб ва шоирлар Анвар Обиджон, Иқбол Мирзо, машҳур аскиячи ва иқтидорли қизиқчилар Теша қизиқ, Абдулла Акбаров, халқ артисти Ҳалима Носирова, бетакрор қўшиқчилар Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Охунжон Мадалиев, Муҳаммадкарим Соипов, Бағдод туман ҳокими, Олий Мажлис депутати, маърифатли раҳбар Абдуқаҳҳор Абдусаматов шахсини қайтадан кашф этамиз.

Соҳибжонни яхши билганлар унинг гўзал шеърлар қоралаганини ҳам эслашади. Аммо бу назмий ишлар қўлёзмасини деярли топиш қийин. Балки кейинчалик қайта нашрларда бу бебаҳо намуналар ҳам чиқиб қолса, албатта қўшиш мумкин.

Шу ўринда нашрни тайёрлаш жараёнида марҳумнинг ўғли, доимий изланишдаги журналист Азизжон Алижоновнинг жиддий ҳаракатларини, отаси қаламига мансуб мақолалару, телесуҳбатларини турли манбаалардан, телевидениеда қолган компьютерию, “Фейсбук”даги чиқишларидан тўплаб, таҳрирлаб, дўст-қариндошлари билан суҳбатларни тизимли жамлаганини таъкидламоқчиман.

Китобни ўқиш жараёнида яна бир карра амин бўлдим: Соҳибжоннинг ота-онага, яқинларига меҳр-оқибати, қўл остидаги ходимларга саховати, мустаҳкам тиргаклиги, ёш журналистларга кўрсатган адоқсиз эътибору рағбати, қишлоқдаги самимий ёшлик йиллари, учта фарзанд билан иссиқ жойини совутиб, янги марраларга эришиш учун пойтахт Тошкентга, марказий телеканалга келгани, мусофирчиликдаги қийинчиликлари тўпламнинг иккинчи қисмидан ўрин олган ҳамкасб ва шогирдлари, қариндошларининг у ҳақидаги хотиралари, фикр-мулоҳазаларида мукаммал ифодасини топган.

Китобнинг биринчи қисмидан Соҳибжон Алижовнинг қирққа яқин мақолалари ва ҳикоялари ўрин олган. Кейинги қисмда эса 30 га яқин дўстлари ва маслакдошлари томонидан билдирилган мулоҳазалар келтирилган. Хусусан, халқ шоири Иқбол Мирзо, миллий журналистикамизнинг забардаст вакиллари — Комилжон Шамсиддинов, Тўлқин Пўлатов, Лобар Пўлатова, Ҳусниддин Эргашев, Феруза Орипова, Азиза Қурбонованинг у ҳақидаги фикрлари китобнинг аҳамиятини оширади.

Бу дунё бир бозор. Кимлар келиб, кимлар кетмаган. Лекин суҳбатлашганингизда самимиятдан қорамаган икки ёноғи беихтиёр қизариб турадиган, давра кўрган, дарёдил ва ўз соҳасининг профессионали бўлган Соҳибжон Алижонов хотираси замондошларимиз кўнглида боқий яшайди, шубҳасиз.

Лазиз РАҲМАТОВ,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси