Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватанни асраш – ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи
09:48 / 2026-01-15

Энергетика вазирлигида “Миллий армия – она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган мазкур тадбирда Энергетика вазирлиги ходимлари ҳамда Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият департаменти вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар ёшлар онгида ватанпарварлик туйғусини уйғотиш, уларни мамлакат тараққиёти ва хавфсизлигига ҳисса қўшишга ундашнинг аҳамиятига урғу берди. Ватанни асраш, ривожланишига ҳисса қўшиш ва хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Она юртга садоқат ва ҳурмат туйғуси уларнинг маънавий барқарорлиги ва жамиятдаги фаол иштирокини мустаҳкамлайди. Шу боис, ватанпарварлик нафақат тарих ва давлат билан боғлиқ, балки ҳар бир инсоннинг маънавий ва ижтимоий масъулиятидир.

Айнан шу масъулиятдан келиб чиқиб, тадбирда ёшлар онгида ватанпарварлик руҳини шакллантириш, миллий армиямизга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, энергетика соҳаси вакиллари ҳам мамлакат иқтисодиёти ва барқарор тараққиётида муҳим ўрин тутувчи шарафли касб эгалари экани қайд этилди. Бу эса иштирокчиларда ўз соҳа ва мамлакатлари учун масъулият ҳиссини мустаҳкамлади.

Тадбир давомида Мудофаа вазирлиги вакиллари Қуролли Кучларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, ҳарбий хизматнинг аҳамияти ва асосий вазифалари ҳақида атрофлича маълумот берди. Улар ёшлар билан мулоқотда ҳарбий хизмат тартиби, тайёргарлик жараёнлари ва замонавий ҳарбий технологиялар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга ҳарбий мутахассислардан тўлиқ маълумот олди. Шунингдек, тадбирда ватанпарварликка оид видеороликлар, фото ва иллюстрациялар намойиш этилди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА