Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватанимнинг ҳар гўшаси – мен учун азиз
19:26 / 2021-06-06

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан сирдарёлик журналистлар учун “Ватанимнинг ҳар гўшаси – мен учун азиз” шиори остида Сардоба туманига пресс-тур ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Журналистлар ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси билан Сардоба тумани ҳокимлиги томонидан ташкил этилган пресс-турда босма ва электрон нашрларда фаолият юритаётган журналистлар, маҳаллий блогерлар, Сардоба туман “Журналистика ва ижод мактаби” тўгараги ўқувчилари – ҳаваскор журналистлар иштирок этди.

Пресс-тур қатнашчилари “Сардоба” сув омборида юзага келган техноген ҳолатдан сўнг яроқсиз ҳолга келиб қолган ва эндиликда бутунлай янгича қиёфа касб этиб, қайта тикланган ва у ерда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган қурувчилар томонидан амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ерда янги шаҳарчалар бунёд этилган.

Кейинги манзил Муҳаммад Ал-Хоразмий номли маҳалла фуқаролар йиғинидаги 16-сонли умумий ўрта таълим мактаби бўлди. Бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди.

Шунингдек, “Sardoba textile Oqsaroy group” масъулияти чекланган жамияти фаолияти, ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, бу ерда меҳнат қилаётган ишчи хизматчилар суҳбат қурилди.

Салкам 800 квадрат метр жойни эгаллаган ички бош павильонда Таиланддан келтирилган энг замонавий тикув ва Хитойдан олиб келинган тўқув машиналари жойлашган. Бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар импорт учун мўлжалланган.

Сув тошқинидан бутунлай фойдаланиб бўлмас даражага келиб қолган Дўстлик МФЙдаги 22-сонли янги оилавий поликлиника, математика фанини чуқур ўргатишга ихтисослашган 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби қурилиши, дизайни, болаларнинг юқори даражадаги таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлари билан ҳам танишилди.

Иштирокчилар Буюк Ипак йўли орқали ҳаракатланган карвонлар учун бийдек чўл бағрида ягона сув манбааси сифатида жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган “Ёғочли Сардоба” тарихий-меъморий сув сақлагич иншоотини кўриб, ушбу қадимий ёдгорлик – тарихий обида ҳақида маълумотларга эга бўлди.

Пресс-тур сардобалик ёш ижодкорларнинг “Гумбаз гурунглари” мушоираси билан якунига етди.

А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА