Бағрикенглик, эзгуликка хайрихоҳлик, барча миллатларни тенг, ўз қадрдонидек кўриш ўзбек халқининг миллий фазилатларидан саналади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йил 10 февралда қабул қилинган қонунга асосан Ўзбекистонда 30 июль санаси "Халқлар дўстлиги куни" сифатида кенг нишонланмоқда.
Бугун юртимизда 130 тадан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. 152 та миллий маданий марказ 38 та дўстлик жамиятлари фаолият кўрсатяпти. Улар турли миллат ва элатларга мансуб фуқароларнинг эзгу қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналари бардавомлигини таъминлаш, ёш авлодни миллатлараро бағрикенглик руҳида тарбиялаш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда.
Миллий маданий марказлар фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун кенг шароитлар яратиш масаласи миллий қонунчилигимизда ҳам ўз аксини топган. Айни пайтда грантлар, ижтимоий буюртма ва субсидиялар орқали ҳам уларнинг турли илғор ташаббуслари фаол қўллаб-қувватланмоқда.
[gallery-8191]
Республикамизда иккинчи бор байрам қилинаётган ушбу сана муносабати билан давлатимиз раҳбари фармонига асосан бир гуруҳ ҳамюртларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотлари — орден ва медаллари билан тақдирланди.
Пойтахтимиздаги “International Tashkent Hotel” меҳмонхонасида ана шу мукофотларни ўз эгаларига тантанали тарзда топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унга турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказларнинг вакиллари, юртимизда миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз таклиф этилди.
Ушбу тантанали кун муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон халқига байрам табриги йўлланиб, 30 нафар турли миллат вакиллари давлат мукофотлари билан тақдирландилар.
Тадбир очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов Президент Шавкат Мирзиёевнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан мукофотланган турли миллат вакилларига давлат мукофотларини топширди.
Қайд этилганидек, Конституциямиз ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари, миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани белгиланган. Уларга ўз маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган маҳаллий ва хорижий жисмоний ва юридик шахсларнинг фидойи меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 июндаги қарорига асосан «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони таъсис этилган.
Жорий йил 283 нафар юртдошимиз ва хорижий ҳамкорлар «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Байрам тадбирида юртимизда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун ОАВ вакиллари, дўстлик жамиятлари фаоллари ва ҳамкор ташкилотлар ходимларидан бир гуруҳига айни мукофотлар топширилди.
Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов юксак мукофотга сазовор бўлганларни самимий муборакбод этиб, бугун юртимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ҳамюртларимизга катта муваффақиятлар тилади ва юксак мукофотларни эгаларига топширди.
Миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари вакиллари шундай юксак эътиборга сазовор бўлишганидан давлатимиз раҳбариятига миннатдорликларини изҳор этишди.
Назокат Усмонова, ЎзА