Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватанимизнинг Қаҳрамон аёллари
17:52 / 2025-03-06

Биз кимларни қаҳрамонлар, деб атаймиз? Аслида қаҳрамонлик нима? Юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилган, ўз соҳасида муайян мактаб ярата олган, ҳалоллик, тўғрилик, меҳнатсеварлик, азму шижоатни ҳаёт шиори, деб билган, касбий ва инсоний фазилатлари билан барчага ўрнак бўлишга арзигулик инсонларни қаҳрамон, атасак арзийди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонининг таъсис этилиши ана шундай ҳамюртларимизни рағбатлантириш, уларнинг ибратли ҳаёти, фаолияти, меҳнат тажрибасини оммалаштиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ватанимизнинг мазкур олий даражадаги мукофотига муносиб кўрилган юртдошларимиз орасида аёлларнинг ҳам борлиги эътиборга моликдир. Улар таълим, миллий ҳунармандчилик, тиббиёт, адабиёт ва санъат, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда мактаб ярата олган, ҳаётида ҳаловат бўлмаган, умри меҳнатда ўтган ҳамюртларимиздир. Айни пайтда Ўзбекистонимизнинг Қаҳрамонлари чин маънодаги ҳалол ва фидойи, заҳматкаш ўз тақдири, умрини шу азиз Ватан, шу халқ билан чамбарчас боғлаган оддий, камтар, қатъиятли инсонлардир.

“Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак номга муяссар бўлган юртдошларимиздан бири зардўзликни санъат даражасига олиб чиққан Муяссар Темировадир. Опа Бухоро шаҳридаги “Зардўз” акциядорлик жамиятининг юксак бадиий буюмлар тайёрлаш участкасининг катта устаси сифатида меҳнат қилган. Муяссар опа Японияда бўлиб ўтган “ЭКСПО-70” халқаро кўргазмаси учун аёлларнинг зардўз либослар тўпламини яратган. Қўли гул чевар Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллигига бағишланган улкан панно, шунингдек, бошқа кўплаб тарихий паннолар, “Халқлар дўстлиги” ҳамда “Туркистон” санъат саройларидаги улкан зарбоф саҳна пардаларининг яратилишида бош-қош бўлган. Муяссар опанинг зардўзи буюмлари АҚШ, Германия, Франция, Италия, Швейцария каби ўндан ортиқ давлатларда юксак эътироф этилиб, мукофотларга муносиб кўрилган.

1996 йилда кўксига олтин юлдуз таққан яна бир Ўзбекистон Қаҳрамони Ойшахон Қўчқорова кўп йиллар давомида Наманган вилоят туғруқхонасида меҳнат қилган. Она ва бола саломатлигини асраш, миллатимиз генофондининг соғломлиги ҳақида қайғуриш Ойшахон опанинг умр мазмунига айланган.

Қўқондаги 10-умумтаълим мактабида болаларга таълим берган Манзурахон Мадалиева математиканинг билимлар маликаси эканини ёшларга сингдира олгани, ушбу дарсни қизиқарли, тушунарли тарзда ўқувчиларга етказа олгани билан иззат топган. Манзура опанинг заҳматли меҳнатлари 1997 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони“ унвонига муносиб кўрилган.

 

Қорақалпоғистонлик Онесия Саитова акушерлик ва гинекология соҳасидаги фаолиятини олис Шуманайнинг чекка қишлоқларидан биридаги тиббиёт масканидан бошлаган. Кейинчалик йирик тиббиёт масканларида самарали меҳнат қилган. Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган Онесия опа эҳтимолки, миллионлаб чақалоқларнинг соғ-саломат туғилишида, оналар соғлиғини асрашда мудом жонбозлик кўрсатган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Мавлуда Исматова Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 273-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган эди. Унинг самимий, ширинсўз, оддий инсон эканини ҳозиргача аксарият педагоглар, журналистлар ҳурмат билан эътироф этади. Болаларнинг иқтидорини эрта аниқлаш, уларнинг салоҳиятини муттасил ривожлантириш, қобилиятини тўғри шакллантириш Мавлуда опанинг педагогик фаолиятида муҳим ўрин эгаллаган.

Мартия опа Раҳматова кўп йиллар давомида Бухородаги тўқимачилик фабрикасида меҳнат қилган. Ип йигириш, тўқув ишларида унга етадиган эпчил ва чаққон мутахассисни топиш қийин бўлган. Ҳалол, фидойи, меҳнатдан сира чарчамайдиган Мартия опа 1999 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган. Ватанимизнинг Қаҳрамонига айланган Вера Борисовна Пак умрини кўнгли ярим болаларга бахшида этган аёл эди. Хивадаги 20-Меҳрибонлик уйида, кейинроқ эса “Болалар шаҳарчаси”да меҳнат қилган Вера опага тарбияланувчилар доим “Онажон” деб мурожаат этарди.

Дилбар Акромова “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасининг Наманган вилояти бўлими бошқаруви раиси сифатида меҳнат қилган. У меҳнат фаолияти давомида Поп туманидаги 100 гектар ташландиқ ерни олиб, “Меҳр-шафқат” фермер хўжалигини ташкил этган. У ерда балиқчилик, шоликорлик, буғдойчиликни йўлга қўйиб, олинган даромадни ногиронларга, кам таъминланган оилаларга, муҳтож инсонларга беминнат тарқатган.

“Олтин юлдуз”нинг яна бир соҳибаси Анорхон Маҳмудова педагогик фаолиятини 1964 йилдан бошлаб Гурлан туманида, ўзи аввал таҳсил олган 1-мактабда математика ва физика ўқитувчиси бўлиб ишлашдан бошлади. Ҳамкасблари, унинг ўзига аввал дарс берган ўқитувчилари профессионал фаолияти давридаги илк устозлари ҳам бўлди. Анорхон опа болалар билан ишлашнинг қизиқарли шакллари ва усулларини ўйлаб топиб машғулотлар ўтказди. Ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ҳурматига сазовор бўлган Aнорхон Маҳмудованинг фаолияти туман миқёсида қизиқиш уйғотди. Вақт ўтиши билан унинг ўқитувчилик касбига бўлган меҳри уни янги марраларга олиб келди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Малика Абдуллахўжаева 1960 йил Тошкент давлат тиббиёт институтида ассистент сифатида ишлай бошлаган. Олима қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Рентгенология, радиология ва онкология илмий-тадқиқот институти лабораторияси мудири, Тошкент давлат тиббиёт институтида кафедра мудири, Ўзбекистон Республикаси патологоанатомик маркази директори каби лавозимларда меҳнат қилди. Юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, тиббиёт фанининг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшган. Олиманинг тиббиёт соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 300 дан зиёд илмий мақолалари, 20 га яқин китоб ва монографиялари ҳамда 10 га яқин муаллифлик ишлари юртимиз ва хорижий мамлакатлар мутахассисларига яхши маълум.

Ўзбекистон Қаҳрамони Холчахон Мирзаева Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Ҳадича ая” фермер хўжалигига раҳбарлик қилган. Меҳнатдан бахт топган бу аёл эллик йиллик умрини қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаган. Унинг ўз юртига, ишига садоқати ёш авлод учун ибратдир.

Деҳқончилик касби ва илмига алоҳида меҳр қўйган Сиёсатхон Абдуллаева Андижон Пахтачилик институтини агроном йўналиши бўйича тугаллаганидан сўнг яна қишлоқ хўжалиги соҳасига қайтиб, 1978 йилдан мазкур туманда ширкат хўжалиги бош пудратчиси вазифасида ўз меҳнат фаолиятини давом эттирган эди. Мамлакатда фермерлик ҳаракати бошлангандан сўнг «Олтинкўл водий гулшани» фермер хўжалигини ташкил этиб, умрининг охирига қадар унда иш олиб борди. Сиёсатхон опа ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида пахтачилик, ғаллачилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. Моҳир ва тажрибали агроном раҳбарлигидаги фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича барча шартнома мажбуриятларини муваффақиятли бажариб, мамлакат миқёсида энг юқори кўрсаткичларга эришиб келган. Кўксини “Олтин юлдуз” безаган Сиёсатхон опа фидойилик ва ҳалолликнинг ҳақиқий намунаси эди.

Жонажон Ўзбекистонимизнинг яна бир Қаҳрамони Патилахон Эргашева – Фарғона вилояти Бувайда туманидаги “Патилахон” фермер хўжалигининг асосчиси. Опа буғдойчилик, пахтачиликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган. Тунларни тонгларга улаб, тиним билмаган онахон ҳалол меҳнат инсонга чин зийнат бағишлашини амалда исботлаган. Юртимизда биринчилар қаторида фермер хўжалиги ташкил қилган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, навоийшунослик фанининг заҳматкаш намояндаси Суйима Ғаниева ўзининг қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида ўзбек мумтоз адабиёти бўйича фундаментал тадқиқотлар олиб борди. Миллий адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, миллий адабиётимизнинг жаҳон маданий цивилизациясида тутган ўрнини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга катта ҳисса қўшди. Илмий фаолияти давомида яратган 14 та монография, 350 дан зиёд илмий-назарий мақолалар мамлакатимиз ва халқаро илмий нашрларда чоп қилинган, 20 дан ортиқ ўқув-методик қўлланмалари республика олий таълим муассасалари ўқув жараёнига татбиқ этилган.

Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабида математика ўқитувчиси бўлиб ишлаган Муҳаббат опа Шаропованинг кўплаб ўқувчилари республика ва халқаро фан олимпиадаларида муваффақият қозонган. Меҳрибон устоз, моҳир педагог Муҳаббат опа 2016 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муротова бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини қишлоқ хўжалиги ривожига бағишлаган. Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари бўлган Лолахон Муротова деҳқончиликнинг сирларини чуқур эгаллаган, бой билим ҳамда ҳаётий тажрибаси, бор куч-ғайратини эл-юрт ишига бағишлаган миришкор инсон эди. Лолахон опа умрининг охиригача ўз касбига содиқ қолиб, ўзининг ҳалол меҳнати билан кўпчиликка ибрат ва намуна бўлди. У нафақат Фарғонанинг, балки юртимизнинг фахри, ҳақиқий ўзбек деҳқон аёли тимсоли эди.

Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева номига таърифу тавсифлар оз. Дунёни кезиб чиққан санъаткор ўзбек миллий мақом санъатини жаҳон узра тарғиб этиш йўлида самарали ижод қилмоқда. Ўзбекистон Қаҳрамони Муножот Йўлчиеванинг бетакрор ижро услуби, овози, саҳна маданияти, санъаткорлик одоби диққатга сазовор.

Ха, дарҳақиқат, Ўзбекистон Қаҳрамонларининг ҳаёти, фаолияти, ижоди, самарали меҳнатлари барчамиз учун ўзига хос мактабдир.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири.