Ватаним юрагининг жавоҳирлари…
Ватан юракдаги жавоҳир , ватанга бўлган муҳаббат она сути, она бағри, она алласи билан бола юрагига жо бўлади.
Ватан юракдаги жавоҳир , ватанга бўлган муҳаббат она сути, она бағри, она алласи билан бола юрагига жо бўлади.
Ватан тушунчаси шундай беғуборки, у яхши ва ёмон кунларни, ташвиш ва қувончларни, буюк ва содда одамларни, ажиб кошона ва вайроналарни, хуллас, барчасини елкасига кўтариб доим навқирон ва кўҳна тарихни яратаверади.
Она Ватанимиз минг йиллик тарихида не-не балоларни кўрмади. Ана шундай кунларда ҳам халқимиз бирдам бўлиб хавф-хатарни ортда қолдириб, бирга курашган.
Бугунги кунга келиб бутун дунёга хавф солаётган бу синовли кунни халқимиз қўрқмай енгиб ўтади. Президентимиз бизга бош-қош бўлиб юртнинг бошини силаб чоралар кўраяптиларми, албатта, биринчи ўринларда биз педагоглар ҳам ўз вазифамизни тўлиқ адо этишимиз даркор.
Биз ўқитувчилар, ёш авлодга таълим берар эканмиз, ўқувчиларимизни янада юртга фидокор инсон бўлишларига мадад бўлмоқдамиз. Фарзандларимиз келажагини ўйлаб шундай оғир кунларнинг илк куниданоқ маориф жонкуярлари ҳеч иккиланмай юрт болаларини теледарс ва онлайн дарслар билан қамраб олди.
Фарзандларининг шундай пайтда ҳам билим олишларида ва бўш вақтларини қизиқарли ўтказишларида мадад бўлаётган барча устозлардан мамнун бўлаётган ота-оналарнинг ташаккурларини ижтимоий тармоқларда ўқиб турибмиз. Бундай дил изҳорлари, албатта, ўқитувчиларга қанот бўлиб, уларни янада шижоат билан ишлашга ундайди.
Ўқитувчилар қўлни-қўлга бериб, бир ёқадан бош чиқариб, бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, тушуниб, янада фидокорликларини намоён этиб, ўқувчиларимизга билим беришда ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Бу синовли кунларда яна ҳам жипслашиб меҳнат қилаётган ўқитувчилар барчани қувонтирмоқда.
Бугунги кунда коронавирус пандемияси билан курашаётган тиббиёт ходимлари, карантин талабларига қатъий риоя қилишини куну-тун назорат қилаётган ИИБ, Миллий гвардия ходимларини қаҳрамон деб олқишламоқдамиз. Мен эса, мана шу қаторга бугун ижтимоий тармоқларда куну тун келажак авлодга таълим бераётган мактаб ўқитувчисини ҳам киритишни таклиф этаман. Бу касб эгалари ҳам бугунги давр қаҳрамони. Ҳар қандай вазиятда ҳам ўқитувчи сабоқ бериш учун ҳаракат қилади, бор меҳрини ўқувчилари учун аямайди.
Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитди ранж ила,
Айламак бўлмас осон, ҳаққин адо юз ганж ила.
Элзана Юлдашева,
Чилонзор туманидаги 162-мактаб директори