Осойишта, эркин ва фаровон юртнинг она табиатдан андоза олган давлат байроғи энг олий саҳналар, энг юқори марраларда, зафарли қўлларда баланд кўтарилмоқда, шавқу завқ билан кўзларга суртилмоқда.
Бугун бу байроқ фақатгина Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи эмас, у шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган барча эл-элатларнинг тинчлик ва аҳиллик тимсолига, қалбларни қалбларга яқинлаштирадиган, дилларни дилларга улайдиган воситага айланган. Дунёнинг қайси бурчагида бўлманг, бу байроқ она юрт нафасини димоққа уради, қадрдон Ватанни ёдга солади.


Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 34 йиллиги муносабати билан Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари иштирокида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши, вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда республика маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими билан ҳамкорликда “Ватаним, байроғим шону-шуҳратим” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.


Тадбирда фалсафа фанлари доктори, профессор, ижтимоий психолог, Тошкент шаҳар кенгаши депутати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Ёшлар муррабийси Жамила Шермуҳамедова иштирок этди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчиларга Давлат байроғининг қабул қилиниши, унинг ранглари ва рамзий маънолари ҳақида тушунчалар берилди. Бундан ташқари ҳарбий хизматчилар билан ватанпарварлик ҳиссини уйғотувчи, ҳарбий биродарлик ҳамда жамоавий жипсликка ундовчи тренинглар ҳам ўтказилди.
Тадбир она Ватанни улуғловчи куй ва қўшиқларга уланиб кетди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.