Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ташкилот ва корхоналари, муассасалари раҳбарлари, ҳарбий қисмлар командирлари ва кенг жамоатчилик вакиллари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қарши шаҳридаги Мотамсаро она монументи олдига жам бўлди. Ҳарбий оркестр жўрлигида Мотамсаро она ҳайкали пойига гул чамбарлар қўйилди. Ҳурмат бажо келтирилди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов иштирок этди ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан барча ҳарбийларни табриклади.
[gallery-21257]
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада кучайтириш, ҳарбийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, биргина ўтган йилнинг ўзида Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар учун 200 хонадонга мўлжалланган 6 та кўп қаватли уй қурилиб фойдаланишга топширилди. 130 нафарга яқин ҳарбий хизматчининг фарзандларини олий таълим муассасаларига кириши учун имтиёзли тавсияномалар тақдим этилди.
Бу каби маданий-маърифий тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари