Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватанга садоқат — ислоҳотлар марказида
19:21 / 2026-01-19

Жиззах вилоятида “Ватан учун хизмат — энг олий бахт” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ҳамда 524-Сафарбарлик чақирув резерви батальони ташкил топганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ушбу анжуман мамлакатимизда ҳарбий хизмат нуфузини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар билан уйғун ҳолда ўтказилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбир Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, 524-Сафарбарлик чақирув резерви баталиони, Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмлар, Жиззах ҳарбий прокуратураси ҳамда фахрийлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда ҳарбий хизматчилар, хизмат фахрийлари, масъул раҳбарлар ва ёшлар иштирок этиб, Ватанга садоқат, ҳарбий бурч ва фидойилик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда таъкидланганидек, юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ўрни беқиёс. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил январ ойида ўтказган видеоселектор йиғилишида Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш, ҳарбий хизматни замонавий талаблар асосида ташкил этиш, офицер ва аскарларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур йиғилишда ҳарбий хизматчилар, айниқса, аскарлар учун пул таъминотини ошириш, ижтимоий имтиёзларни кенгайтириш, хизмат ва яшаш шароитларини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.  

[gallery-27192]

524-Сафарбарлик чақирув резерви батальони ўтган 22 йил мобайнида мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий тайёргарликни ошириш ва ватанпарвар кадрларни шакллантиришда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Тадбир давомида баталион фаолияти, эришилган натижалар ҳамда шахсий таркиб томонидан хизмат жараёнида намоён этилган жасоратли ишлар алоҳида эътироф этилди.

Маънавий-маърифий учрашув доирасида ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат ва ҳарбий касбга муҳаббат руҳида тарбиялаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Фидойи ҳарбийлар ва фахрийлар ўз ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёш авлодни Ватанга садоқат билан хизмат қилишга даъват этишди.

Тадбир якунида фаол ҳарбий хизматчилар батальон қўмондонлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.    

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари