Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти Олмалиқ ўқув базасидаги тантанали маросимда Касбий тайёргарлик факультетининг навбатдаги тингловчилари қасамёд қабул қилдилар. Бу маросим уларнинг танлаган касбига бўлган садоқати, Ватанга, халққа хизмат қилишга тайёр эканликларининг рамзий ифодаси бўлди.
Тадбирда Институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, тингловчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этишди.
Тадбир бошида ўзининг шижоати ва билими билан намуна кўрсатган тингловчилар томонидан саф майдони бўйлаб ўзгача ғурур ва чуқур масъулият билан баланд кўтарилган ҳолда давлатимиз байроғи вазирлик оркестри ижроси остида, тантанали равишда олиб ўтилди ҳамда бир чизиқда росланиб саф тортган тингловчилар ва бошқа иштирокчилар томонидан давлатимиз мадҳияси ижро этилди.
Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган институт бошлиғи, полковник Олимжон Ахмедов ўз нутқида истиқлол йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида профессионал асосдаги ички ишлар органлари шакллангани, ушбу тизимда хизмат олиб бораётган ходимлар халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида масъулият билан хизмат олиб бораётганликларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, факультет тингловчилари Ўзбекистон Республикасига, халқимизга ва Президентимизга садоқат билан хизмат қилиш борасидаги тантанали қасамёдни қабул қилдилар.
Сўзга чиққан фахрийлар, тингловчиларнинг яқинлари ҳамда бошқа қатнашчилар Қасамёд қабул қилган тингловчиларга келгусидаги шарафли хизмат фаолиятида муваффақиятлар тиладилар.
Тингловчилар ўз қасамёдларига содиқ қолган ҳолда масъулият ҳамда шижоат билан иш олиб боришларига умид билдириб, уларнинг келгусидаги фаолиятида омад ҳамда зафарлар тилаймиз.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/AKY_tUDgyaQ?si=YC7zvwiWDH3qOnSr" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА