Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватандошларимизнинг фарзандлари эътиборда
17:17 / 2026-01-07

Самарқандда айни пайтда хорижий давлатларда меҳнат миграциясида бўлган фуқароларнинг фарзандлари учун Янги йил байрами тадбири ташкил этилди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси, Миграция агентлиги вилоят филиали ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган тадбирга барча туман ва шаҳарлардан 100 нафардан ортиқ болажонлар таклиф этилди. Улар учун дастлаб  вилоят мусиқали драма театрида “Янги йил эртаги” байрам томошаси намойиш қилинди. Сўнггра шаҳардаги тарихий-маданий ёдгорликлар ва диққатга сазовор масканларга саёҳат ташкил этилди.

Болалар учун байрам дастурхони ёзилиб, уларга янги йил совғалари улашилди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев хорижда миграцияда бўлган юртдошларимизнинг ҳалол меҳнат қилиб рўзғор тебратаётгани, бу билан нафақат ўз оиласи, балки вилоятимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшаётганини эътироф этди. Тадбир қатнашчиларини Янги йил байрами билан табриклади.

– Ўғлим хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланяпти, қонуний тартибда ишлаяпти, – дейди Оқдарё туманида яшовчи Назокат Хидирова. – Шукр, оиласи тинч, рўзғори бут. Янги йил байрами муносабати билан вилоят ҳокимлиги бошқа болалар қатори менинг набираларимни ҳам ушбу тадбирга таклиф этганидан хурсанд бўлдик. Бу давлатимизнинг хорижда ишлаётган ўз фуқароларига бўлган эътиборининг натижаси деб биламан.

[gallery-27022]

Миграция агентлиги вилоят филиали раҳбари Лазиз Ибрагимовнинг қайд этишича, бугунги кунда самарқандлик 170 мингга яқин фуқаро хорижий давлатларда меҳнат қилмоқда. Уларнинг иш фаолияти, яшаш шароити ҳамда оилавий аҳволи тегишли идоралар билан ҳамкорликда доимий ўрганилиб, зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари