Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватандошларга янгича эътибор
17:21 / 2021-08-19

Ўзбекистон бағрикенг, инсонпарварлик юксак қадрланадиган диёр, унга Президентимизнинг 11 августдаги “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги қарори яққол мисол бўла олади.

 Ушбу тарихий ҳужжат 35 миллионга яқин халқимиз ва айниқса дунёнинг 100 га яқин мамлакатида истиқомат қилаётган юртдошларимиз учун чексиз қувонч манбаи бўлди, десак муболаға бўлмайди. Энг асосийси хориждаги ватандошларимизни ва улар томонидан ташкил қилинган 70 дан ортиқ маданий марказларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Ушбу янги ташаббус ер юзининг қайси нуқтасида яшамасин хориждаги ҳар бир ватандошимиз давлат ва жамият эътиборида эканлигини кўрсатади. Аслида мамлакатимизда хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш ҳаракатлари бугун бошлангани йўқ. Президентимиз расмий ёки давлат ташрифи билан қайси давлатга бормасин албатта чет элдаги ватандошлар билан учрашиб, улар билан дилдан суҳбатлашади. Ҳар бирининг орзу ниятлари, режалари билан қизиқиб дарду қувончларига шерик бўлади. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 25 октябрдаги қарори билан хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепсияси тасдиқланди.  

“Ватандош” жамоат фондининг ташкил этилиши эса бу борада яна бир тарихий қадам бўлди. Президентимизнинг “Ватандош” жамоат фондини тузиш ташаббуси 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам ўз ифодасини топди.  

Эътиборлиси, мазкур қарор хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизни тарихий ватани атрофида янада жипслаштиришдек эзгу мақсадга хизмат қилади. Уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтиради, миллий ўзликни сақлаб қолиш турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларимизнинг салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтириш учун муҳим омил бўлади.  

Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилда бошланган ислоҳотларнинг марказига инсон ҳуқуқларини таъминлаш, манфаатларини илгари суриш масаласи бош масала сифатида кун тартибига қўйилди. Ўтган давр мобайнида бу борада муҳим ижобий ўзгаришларга эришилди. Масалан, хорижда мувоффақиятли фаолият олиб бораётган ватандошларимиз янги Ўзбекистонни қуришда изчил  ислоҳотларга жалб қилина бошланди. Илгари хорижда фаолият юритаётган, қанчалик профессионал, тажрибали бўлмасин ўша ватандошимизда қандайдир ишончсизлик кайфияти бўлар эди. Мана бугунги кунда кўраяпмизки кўплаб хорижда фаолият олиб бораётган ватандошларимиз ижобий ўзгаришларга ўзларининг ҳиссасини қўшмоқда.  

Бир неча йиллар олдин бирор бир оғир шароитга тушиб қолган мигрантни ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида ҳам, уни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам на ваколатхоналаримизнинг ва на бир бошқа давлат идораларининг ҳаракати сезилмасди. Мана бугунги кунда кўраяпмизки Ўзбекистондан ташқарида фаолият олиб бораётган барча мигрантларга ҳуқуқий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам қатор дастурлар эълон қилинган. Ушбу ижобий ўзгаришларнинг барчаси Президентимизнинг шахсий намуналари ва эътиборлари туфайли мана шундай катта бир сиёсий аҳамият касб эта бошлади. Ватандошлар жамоат фондининг ташкил этилиши эса бу борада эришилган ютуқларни янада изчиллаштириш ва ушбу фаолиятни тизимли равишда ташкил қилишда имконият яратади.  

Бир сўз билан айтганда, мазкур фондга асос солиниши дунёнинг турли давлатларида яшаётган миллионлаб ватандошларимизнинг кўнглидаги гап бўлди.  

 

Ҳамза Рўзиев,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати  

Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,  

вилоят кенгаши депутати  

ЎзА