Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватандошим, сиз ёлғиз эмассиз!
17:39 / 2021-08-13

Янги қарор

     Олисдаги ватандош. Кимдир омад, бирови ўзи учун  мақбул муҳит, яна бошқаси вазиятга кўра моддий фаровонлик, рағбат излаб хорижда меҳнат қилмоқда. Биз истаймизми, йўқми, мустақиллик қўлга киритилган дастлабки йилларда юзага келган айрим қийинчиликлар туфайли ҳамюртларимизнинг муайян қисми чет элларга ишлаш учун чиқиб кетди. Хорижга таълим олиш истагида нуфузли олий таълим даргоҳларига кетган ёшларимизнинг яхшигина қисми ҳам истеъдоди, салоҳияти боис, ўша хорижий давлатлардаги нуфузли компаниялар, банк-молия, иқтисодиёт, илм-фан йўналишидаги тузилмаларида нодир мутахассис сифатида ишга олиб қолинди.

    Аслида дунёда кечаётган глобал интеграциялашув жараёнида мутахассис ёки талабанинг ўзи маъқул деб билган юртга бориб ишлаши, изланиши, таҳсил олиши одатий ҳолдир. Таниқли ўзбек режиссёри Юсуф Розиқов ҳар гал янги фильм яратганида, ўзимизнинг Ўзбекистонимизда ишлаб, ижод қилишни, унинг пухта картиналари эса "Ўзбекистон режиссёри томонидан ишланган" деган ном билан экран юзини кўришини жуда истайман. Лекин Юсуф аканинг ҳам ўз режаси, ижодий мақсад-муддаолари борки, уларни қаерда амалга ошириш ёки рўёбга чиқариш фақатгина ижодкорнинг ўз истагига боғлиқдир.

    Айни дамда хориждаги филармониялар,  ижодий жамоалар, студиялар, опера театрларида меҳнат қилаётган мусиқачиларимиз, дирижёрлар, режиссёрлар, опера хонандалари, санъат йўлидан борган ижодкор зиёлилар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг айримлари гарчи ўзга юрт фуқаролигини расман олган бўлса-да, ҳануз-ҳамон Ўзбекистон номи ва байроғи остида турли танловлар, фестивалларда, концертларда  иштирок этиши, муқаррар ғолибликни жонажон Ўзбекистонимизга дахлдор билиши одамни тўлқинлантириб юборади. Азиз Шоҳакимов, Нодир Ҳошимов, Беҳзод Абдураимов, Барно Исматуллаева каби яна кўпларнинг номларини санаб ўтиш мумкин. Ўз истеъдодини баралла намойиш этаётган бу ва бошқа ватандошларимизнинг ижодий иш режаси бир ҳафта ёки бир ой эмас, бир йил аввал тузилган бўлиб, унга оғишмай амал этилиши яхши маълум.

      Бугун ватандошларимизнинг дунёдаги етакчи банк-молия, ахборот-коммуникация, тиббиёт, инновацион технологиялар, санъатнинг турли йўналишларидаги компания ва ташкилотларда, хорижий жамоаларда  самарали  меҳнат қилаётгани яхши маълум.

    Лекин... Хориждан омад ва толе, моддий рағбат ўрнига бунинг аксини топган, ўз касбий салоҳияти, ҳаётий имкониятини тўғри баҳолай олмай, оғир ва мураккаб аҳволга тушиб қолган  ҳамюртларимизнинг ҳам борлиги жуда афсусланарли ҳолатдир. Кейинги йилларда чет элларда оғир аҳволга тушиб қолган юртдошларимизни тегишли кўмак кўрсатиш, уларни ўз муаммолари билан ёлғизлатиб қўймаслик борасида кўплаб амалий ишларга қўл урилмоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 августдаги "Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги қарори назаримда ҳеч қайси ҳамюртимизни – Ўзбекистондагию чет элдаги одамларимизни бефарқ қолдирмади. Ушбу ҳужжат хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларимизнинг  салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтиришдек мақсадларни кўзлайди.

"Ватандош" фонди фаолиятининг асосий йўналишлари

хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш,

халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, ватандошлар истиқомат қилаётган мамлакатларнинг қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш,

хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларни белгиланган тартибда моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот жиҳатидан ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан иборатдир.

   Шу билан бирга хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, хорижда юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ватандошларга маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда кўмаклашиш,

ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари фаолиятини рағбатлантириш, уларга хорижда ўзбек миллий маданий марказларини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш ва бошқа кўплаб эзгу мақсадларни кўзлаши билан эътиборга моликдир.

     Президентимиз расмий ёки давлат  ташрифи билан қайси давлатга бормасин, чет эллардаги ватандошларимиз билан учрашишни, дилдан гурунглашишни, уларни ўйлантираётган муаммоларни синчиклаб ўрганишни, орзу-умидлари, армону қувончларига маънан бўлса-да шерик бўлишни канда этмайди. Эътиборга молик жиҳати, чет эллардаги ватандошларимиз ҳам Юртбошимизни ловуллаган нигоҳ, айрича интиқлик, чексиз ҳурмат, катта эҳтиром, олқишлар билан кутиб олганига, юрагидаги борини тўкиб солганига кўп марта гувоҳ бўлганмиз."Ватандош" жамоат фондининг ташкил этилишига оид ташаббус бу борадаги яна бир амалий қадам, дейиш мумкин.

    Буларнинг барчаси курраи заминимизнинг қай чеккасида бўлмасин, ватандошларимиз доимий давлат ва жамият эътиборида эканининг яна бир амалий тасдиғидир.

 

   Назокат Усмонова,  ЎзА