Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватандек муқаддас, Ватандек азиз
18:26 / 2026-03-05

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Дориломон кунлар кeлди” дeб номланган адабий анжуман ва мушоира бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирга адабиёт мухлислари, ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар таклиф этилди.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бугун мамлакатимизда миллий адабиёт равнақи йўлидаги эътибор натижасида қаламкаш аёл-қизлар сўз санъатининг барча жанрларида самарали ижод қилаётганини эътироф этди.  

– Янги Ўзбекистонни барпо этишда аёлларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Бугун адабиётимизда чинакам гўзалликка ошно бўлган опа-сингилларимиз қалам тебратмоқда. Йилт этган истеъдод соҳиби мамлакатимизда фаол қўллаб-қувватланмоқда. Ҳазрат Алишер Навоий аёлларимизни, опа-сингилларимизни Ватанга тенглаштирганлар. Дарҳақиқат, мўътабар опа-сингилларимиз Ватандек муқаддас, Ватандек азиз.  

[gallery-27993]

–  Адабиёт дунёсида ҳамма қўлидан келганини қилади, – деди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. – Адабиёт йўли осон эмас, ёшликдан то ҳозиргача адабиёт юкини кўтариш осонмас. Эндиликда Ёзувчилар уюшмасида шоир ва адибларнинг таваллуд саналарини, турли байрамларни нишонлашдек ажойиб анъана йўлга қўйилди. Бундай адабий учрашувларда ижодкорлар бир-бирини кўради, ўзаро мулоқот ўрнатади. Аёл ижодкорлар оилани, ҳам ўзини уддалаб, ҳам адабиёт майдонида самарали фаолият кўрсатаётгани эътиборга моликдир.  

–  Бугун аёл ижодкорлар адабиётда эркак ижодкорлардан ўтиб кетди, десак, муболаға бўлмайди, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган  журналист,  “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, устоз журналист ва таржимон Аҳмаджон Мелибоев. – Жумладан, аёл ижодкорларимиз ўзбек шеъриятида, ўзбек насрида жуда илгарилаб кетдилар. Улар адабиётнинг энг олдинги ўзанларига  тушиб олдилар.  

Адабий анжуманда миллий адабиётимизда ижодкор опа-сингилларимизнинг ўрни ҳақида батафсил сўз юритилди. Жумладан, атоқли шоира, устоз ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Фарида Афрўзнинг таваллуд санаси 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига вобаста нишонланаётгани алоҳида эътироф этилди. Дарҳақиқат, Фарида опанинг китоблари шеърият мухлислари томонидан севиб мутолаа этилади. Устоз шоиранинг шеърлари халқимиз юрагидан жой олган, дилбар қўшиқларга айланган. Тадбирда устоз ижодкорга эсдалик совғалари топширилди.  

Айни пайтда 60, 70, 80 йиллик юбилейларини нишонланаётган аёл ижодкорларнинг бир гуруҳи тақдирланди.  

Она-Ватанимиз, миллий ўзлигимиз, истиқлолимиз, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари, мунис ва табаррук онахонларни улуғловчи шеърлардан иборат мушоира иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.  

Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА