Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ватандан айро бахт йўқ”
12:06 / 2025-08-26

Янги китоблар

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби, таниқли адиб Ҳабиб Сиддиқнинг мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигига бағишланган публицистик мақолалар, эсселар, мушоҳадалардан иборат “Ватандан айро бахт йўқ” номли янги китоби нашрдан чиқди. 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, устоз ижодкор Аҳмаджон Мелибоев китоб сўзбошисида шундай ёзади: “Бадиий публицистика жамиятда кечаётган жараён¬ларга, дунё миқёсида юз бераётган, одамлар онг-шуу¬рига, дунёқараши ва турмуш тарзига таъсир кўрсата¬ётган воқеа-ҳодисаларга холис муносабат билдирувчи ижодий тафаккур маҳсулидир. Бу жанр ўқувчи онгига тез таъсир кўрсатади, бирор вазифа ёхуд муаммо хусу¬сида жамоатчилик фикрини юзага келтиради”.

Дарҳақиқат, Ҳабиб Сиддиқ кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий ҳаётидаги ўзгаришлар, фидойи замондошларимиз, илм-фан, адабиёт ва санъат намоёндалари ҳақида мамлакатимиздаги қатор оммавий ахборот воситаларида кўплаб чиқишлар қилган. Адиб ана шу чиқишлари орқали жамиятдаги ислоҳотлар, ижобий ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини, юртдошларимизни ана шу жараёнларга дахлдорлик ҳисси билан яшаш, фаол иштирокчисига айланиш, Ватанни севиш, улуғлаш, бир сўз билан айтганда, шу Ватаннинг фидойисига айланишни кенг тарғиб этди, ўқувчиларнинг мустақил фикрини шакллантиришга, уларга маънавий руҳ беришга, мотивация улашишга ҳаракат қилди.  

Йиллар давомида яратилган ана шу ижодий ишлар энди бир тўпламга жамланган, яъни “Ватандан айро бахт йўқ” номли китоб ҳолида ўқувчиларнинг тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришга, фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.  

–Куни кеча бўлиб ўтган “Энг улуғ, энг азиз!” танлови вилоят босқичида ижодкорларнинг публицистик асарлари номинацияси бўйича ушбу китобим учун менга биринчи ўрин насиб этди, – дейди адиб Ҳабиб Сиддиқ. –  Албатта, китобим мутахассислар томонидан эътироф этилганидан, ғолибликка муносиб кўрилганидан хурсандман. Бу менга янада кўпроқ шижоат, куч ва илҳом беради. Янги китобим китобхонлар, ўқувчиларга манзур бўлса, кўп ўқилса, энг асосийси, улар томонидан эътироф этилишини истайман. Китобхонлар эътирофи ижодкор, унинг асари учун берилган  энг юқори баҳо бўлади.  

Ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ ўзининг қисса, ҳикоя, ҳажвия ва ҳангомалари, комедия ва миниатюралари билан ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталаридан адабиёт ихлосмандларига таниш ва кўпчилик мухлислар уни ҳажвчи ижодкор сифатида танишади. Унинг ҳажв ва ҳангомалари рус, инглиз, турк, қозоқ, қирғиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.  

Ватан мадҳи, истиқлол ғоялари, юртдошларимиз қалбида эртанги кунга ишонч, фидойилик, ҳалоллик, дахлдорлик, шукроналик, ўзгаларга меҳр кўрсатиш, юрт равнақи учун муносиб хизмат қилишдек юксак инсоний туйғулар тараннум этилган ушбу китоб ишонамизки кенг китобхонларга манзур бўлади.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари