Унда сиз пойтахтимиздаги Тошкент фотосуратлар уйига боринг
Кўргазмада 140 нафар муаллифнинг 200 га яқин ижодий ишлари намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Бадиий академия ва Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 30 йиллиги ҳамда “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ” муносабати билан “Менинг армиям – менинг фахрим!” мавзусидаги ижодий ишлар кўргазмаси иштирокчиларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу ижодий ишлар ватанпарварлик, Ватанга ва ҳарбий қасамёдга содиқлик, Қуролли Кучлар салоҳиятини ва ҳарбий хизмат ҳамда ҳарбий бурчини тасвирлаш каби мазмуний йўналишлар бўйича таниқли рассом ва ижодкорлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, талаба ва ўқувчи ёшлар орасида ўтказилди.
Кўргазмага қўйилган ижодий ишларда миллий армиямизнинг жамият ва давлат олдидаги аҳамияти ва ўрни, халқимизнинг тинчлиги, юртимиз фаровонлигида ҳарбий хизматчиларнинг ҳиссасини кенг тарғиб қилинганини кузатишимиз мумкин. Кўргазма профессионал ва ҳаваскор йўналишларда ўтказилди. Танловга қатнашиш учун ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги рангтасвир, графика каби номинациялар бўйича ишлар қабул қилинди.
Кўргазма ғолиблари Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тавсия этилган профессионал ижодкорлар, ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланди.
— Мен ушбу кўргазмада ўз асарим билан иштирок этдим. Унда Қуролли кучлар сафида хизмат қиладиган аскарнинг ўз фарзанди билан учрашиши, уни бағрига босиб тургани биринчи планда тасвирланган. Унинг орқа қисмида эса бу касбнинг маъсулияти, қийинчилиги, юртимиз сарҳадларини қўриқлаш, Ватанга хизмат қилиш жараёнлари тасвирланган. Ҳайъат аъзолари ушбу ижодий ишимни юқори баҳолаб ғолибликка лойиқ кўришгани мени жуда қувонтирди, – дейди танлов ғолибларидан бири Жавоҳир Ниёзов.
Файзулло Яҳёев, ЎзА