Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан учун жон фидо қилган мардлар ҳеч қачон унутилмайди (+видео) 
16:55 / 2025-01-14

Ўзбек ўғлони борки, ўз Ватани, халқимизнинг осойишта ҳаёти, юртимизнинг порлоқ келажаги учун хизмат қилишни мақсад қилади. Ана шундай ўз бурчига содиқ қаҳрамонимиз сафдор Алишер Ҳамдамов.

У 1982 йил 21 мартда Бухоро вилояти Пешку туманида туғилиб, вояга етди. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек оиладаги маънавий муҳит таълим-тарбияга берилган эътибор Алишерни етук қобилиятли ҳамда ватанпарвар фарзанд бўлиб вояга етишида муҳим роль ўйнайди. 

Қаҳрамонимиз улғайган сари ҳарбий либос кийишга бўлган меҳри, юрт ҳимоячиларининг кўрсатган жасоратларига бўлган қизиқиш, ҳуқуқ-тартибот ходими бўлиш нияти аниқ ҳамда улуғвор мақсадга айланди. 

Алишер Ҳамдамов Пешку туманидаги 17-сон умумтаълим мактабида аъло баҳоларга ўқиб, пухта билим олди. Орадан неча йиллар ўтган бўлсада, синфдошлари уни жуда очиқкўнгил, самимий ҳамда меҳрибон йигит эди, дея эслайди. 

Алишер Ҳамдамов 2001 йилда олийгоҳни тамомлаб йигитлик бурчини ўташ мақсадида армияга борди. Шундан сўнг 2003 йилда Бухоро вилояти Ички ишлар ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасига ишга кирди. 

Сафдор Алишер Ҳамдамов хизмати давомида ўзига топширилган ҳар қандай вазифани аъло даражада адо этиши, ўз бурчини юксак салоҳият ва садоқат билан бажаришини намоён эта олди. У ўз ишининг моҳир билимдони, етук мутахассис ва тажрибали ходим сифатида сафдошлари орасида ҳурмат-эътибор қозона олди. 

2005 йилда Алишер Нигора билан турмуш қуриб, оила деб аталмиш мўъжазгина гўшанинг бошлиғи бўлди. Бирин-кетин 3 нафар ширин фарзандларга ота бўлиш шарафига эришди. 

Орадан йиллар ўтди. Алишер Ватан олдидаги хизматини 2019 йилдан бошлаб Миллий гвардия тизимида давом эттиришни бошлади. 

2021 йилнинг 19 декабрдан 20 декабрга ўтар кечаси Ромитан тумани Газли ҳудудида жойлашган ўта муҳим объектларда ўз хизмат вазифасини бажараётган чоғда чўл ҳудудидан ҳаракатланиб келаётган УАЗ русумли автомашина Алишернинг эътиборини тортди. Алишер қонунбузар нефть ўғриларини тўхтатиш чораларини кўра бошлади. УАЗ ҳайдовчиси ўз қонунбузарлигини яшириш ҳамда қўлга тушмаслик мақсадида Алишернинг қонуний талабига бўйсунмасдан уни автомобилида уриб юбориб, воқеа жойидан яширинишга ҳаракат қилди.

Қонунбузарнинг ушбу ҳаракатлари фойда бермай қўлга олинди. Афсуски, сафдор Алишер Ҳамдамов оғир тан жароҳатлари олиб, тиббиёт бўлимига олиб бориш жараёнида йўлда вафот этди. 

Шерюрак мард ўғлонларнинг жасорати унутилмайди. Ўз хизмат вазифасини сидқидилдан адо этган марҳум сафдор Алишер Ҳамдамов 2022 йил 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Жасорат” медали билан тақдирланди. У билим олган 17-сонли умумтаълим мактабига қаҳрамоннинг хотира бурчаги ташкил этилди. 

Марҳум Алишер Ҳамдамовнинг ватанимиз тинчлигини асрашдаги фидойилиги касбига бўлган садоқати Миллий гвардия тизимларида хизмат қилаётган ходимлар учун ўрнак бўлмоқда. Бугунги кунда юзлаб Алишерлар унинг эзгу амалларини давом эттириб, мамлакатимиз ҳамда фуқароларимизнинг тинчлигини ҳимоя қилган ҳолда юрт шаънини улуғлаб, қудратини янада ошириб келмоқдалар. 

Зеро, халқ учун, Ватан учун жон фидо қилган мардлар ҳеч қачон унутилмайди, уларнинг жасорат мактаби эса ёшларимиз учун ҳам эзгуликнинг мангу маёғидир. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/fTYi7HpG02M" title="Vatan uchun jon fido qilgan mardlar hech qachon unutilmaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Н.Раҳмонова, ЎзА мухбири