Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Ватан учун яшайлик» танловининг ғолиблари аниқланди
13:49 / 2024-08-30

Президентимизнинг 2024 йил 18 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан Ўзбекистонимиздаги янгиланишлар, ватанпарварлик, замондошларимизнинг ёрқин сиймолари акс эттирилган шеърий, насрий, болалар адабиёти, бадиий-публицистик йўналишдаги энг сара асарлар учун «Ватан учун яшайлик» танлови эълон қилинган эди.

Шу йилнинг 15 август куни мазкур танловга ҳужжатлар қабул қилиш якунланди.   

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида юртимиз мустақиллигининг 33 йиллигига бағишлаб ўтказилган «Ватан учун яшайлик!» республика танлови ғолибларини ҳамда Президент фармонига кўра давлат мукофотлари берилган ижодкорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.   

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо мустақиллик, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик халқимиз учун энг олий неъмат эканини таъкидлади.   

Ҳайъат аъзолари танловга келиб тушган жами 51 нафар муаллифнинг 124 та асарини кўриб чиқди.   

«Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ушбу танлов жараёнида янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлидаги зафарлар, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳияти, буюк аждодларимизнинг меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, халқимиз озодлиги учун курашиб, шу йўлда жон фидо этган, мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган ота-боболаримизнинг ибратли ҳаёти акс эттирилган асарларга алоҳида эътибор қаратилди.   

Танлов якунига кўра, биринчи ўринга Шарифа Салимова «Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар» шеърий романи учун муносиб топилди. Иккинчи ўринга Шуҳрат Маткарим «Мақар» қиссаси ҳамда Гуландом Тоғаева «Ишқ ҳандасаси» шеърий тўплами учун лойиқ топилди. Учинчи ўрин Aббос Саидга «Мунаввар қорининг сўнгги нидоси» қиссаси, Баҳодир Каримга «Махтумқули – инсоният шоири» рисоласи учун, Наржан Aтабаевага «Барчин бўлиш осон эмас…» ҳикоялар тўплами, Ўта Бердиёрга «Орият» ҳамда «Тасалли» шеърий тўпламлари учун берилди.   

Aбдунаби Ҳамро «Ватан сурати» шеърий тўплами учун, Неъмат Душаев «Ширин сўзнинг кучи» шеърий тўплами учун, Муҳаммад Шодий тожик тилидаги «Ватан қасидаси» шеърлар китоби учун, Дилбар Ҳайдарова «Гул Ватаним бор» китоби учун, Мансур Жумаев «Ҳазрати ишқ» шеърий тўплами учун рағбатлантирувчи мукофотга муносиб топилди.   

Ғолибларга Ёзувчилар уюшмасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.   

Н.Усмонова, ЎзА