Наманганда Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигига бағишланган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Вилоят “Матбуот уйи”да бўлиб ўтган ушбу танловда белгиланган етти йўналишда газета-журнал таҳририятлари, телерадио ва интернет журналистикаси мухбирлари, шоир-ёзувчилар, мўйқалам ва фото усталаридан иборат 105 нафар ижодкорнинг мамлакатимизда сўнгги йилларда эришилган оламшумул ютуқларни ўзида мужассам этган беш юзга яқин ижодий ишлари кўриб чиқилди.

Президентимизнинг 2025 йил 10 июлда қабул қилинган истиқлол байрамини муносиб нишонлашга қаратилган қарори ижроси доирасида, “Ватан учун, миллат, учун, халқ учун!” шиори остида ташкил этилган тантанали тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими раҳбари Мусохон Апақов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси Носиржон Деҳқонов, вилоят ҳокимлиги масъул ходими Дилмурод Нурматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоир Зиёвиддин Мансуров сўнгги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” тамойили асосида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самаралари, хусусан ижодкорларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар мисолида ўз исботини топаётганлигини эътироф этдилар.

Бу галги танлов ҳам анъанага мувофиқ кўтаринки ва қизғин рақобат руҳида кечди. Айниқса, танловнинг “Тасвирий санъат, фото ва дизайн ишлари” йўналишида 44 нафар талабгор тасвирий санъат, ранг-тасвир, миниатюра, фото-суратга доир ижод намуналарини ҳакамлар ҳайъатига тақдим қилганлигини айтиб ўтиш жоиз. Қолаверса, матбуот ҳамда китоб йўналишида ҳам ҳар қачонгидан кўпроқ номзодларни ўзига қамраб олди.
Ёш рассом Шаҳло Мамаджонова Наманган давлат университети педагогика факультети, дастгоҳли ранг тасвир йўналишида таҳсил олган. Ўтган бир йил ичида у олийгоҳда, вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида, Чуст туманидаги маданият ва истироҳат боғида турли мавзуларда шахсий кўргазмаларини намойиш этган. Рассом она юртимизнинг бетакрор манзаралари юксак маҳорат ила тасвирлагани таҳсинга лойиқ.

Интернет журналистикаси йўналишида Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси, ҳозирга қадар Озарбайжон, Туркия, Покистон, Италия, Албания, Кения, Бельгия каби дунёнинг йигирмага яқин давлатларидаги электрон ва босма нашрларида Ўзбекистонимизнинг маданияти, санъати ва тарихи кенг тарғиб қилинган ёш, истеъдодли қаламкаш Жаҳонгир Намозов ҳакамлар эътирофини қозонди.
Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби ўқувчиси Нигора Турсунбоеванинг илк китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Биринчи китобим” лойиҳасида чоп этилган. Унинг “Туйғулар жилоси” номли шеърий китоби танловда эътироф этилди. Ўзбекистон Миллий университети талабаси, ёш публицист Жаҳонгир Тўхтасинов эса ўқитувчилар ҳақидаги лавҳа, эссе ва очерклари жамланган “Зарҳал эътирофлар” китоби учун муносиб тақдирланди.

Ҳакамларнинг хулосасига кўра, “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг энг яхши журналистик ишлари йўналиши”да Наманган шаҳри ҳокимлигининг “Наманган садоси” газетаси таҳририяти, “Телерадио ижодкорларининг энг яхши материаллари” учун “ЗўрТв” каналининг Наманган вилояти бўйича мухбири Ҳулкар Исмоилова, “Интернет журналистикаси” бўйича “Namangan today” ахборот сайти бош муҳаррири Санжарбек Ҳамидов, “Журналистлар томонидан нашр этилган публицистик мавзудаги энг яхши китоблар” йўналишида фахрий журналист ва ёзувчи Раҳимжон Ирисов “Зулматдан зиё” китоби учун, “Ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асарлари” бўйича Қамбар Ҳайдар “Қиёматли дўст” китоби учун, “Тасвирий ва амалий санъат, фото ва дизайн” йўналишида устоз-мураббий рассом Бекзод Зокиров ғолиб, деб топилди.

Тадбирда хонандаларнинг куй-қўшиқлари, шоирлар мушоираси тадбирга янада файз киритди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири