Навоий вилояти Кармана туманидаги 15-сонли умумтаълим мактабида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида юртимиз мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Шу кунларда юртимизнинг барча гўшаларида энг улуғ, энг азиз байрамимизни кенг нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Мана 34 йилдирки бу байрамни халқимиз кўтаринки кайфият, улкан ютуқлар билан қарши олади.

Бу йил Президент қарорига кўра, мустақиллигимизнинг шонли 34 йиллик тўйи муносабати билан ташкил этиладиган ҳар бир тадбир “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган ҳаётбахш ғоя остида нишонланади.

Тадбирда ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат, садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Дастлаб тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим тизимида қамров 2017 йилдаги 27 фоиздан ҳозирги пайтда 77 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга етгани қайд этилди. Шунингдек, юртимизда ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар ва Президент мактаблари фаолияти йўлга қўйилгани, ёшларимиз замонавий билим ва касб-ҳунарлар, IT технологияларини эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратиб берилаётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбирда ҳарбий қисм оркестр жамоаси томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, спорт мактаби спортчиларининг чиқишлари барчада катта қизиқиш уйғотган бўлса, ёшлар шахмат, шашка ва спорт теннисида ўзаро беллашди.
Тадбир якунида фаол иштирок этган ёшларга турли жанрдаги китоблар совға қилинди.

Албатта, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар қалбида юртимиз мустақиллигига бўлган чуқур фахр ва ифтихор туйғуларини шакллантириши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири