Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди
11:49 / 2021-12-09

Навоий шаҳридаги “Маънавият ва маърифат маркази”да “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар ўртасида илм-фан, санъат, маданият, ахборот технологиялари, бадиий ижод, архитектура, дизайн, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик каби соҳаларни янада оммалаштириш, истеъдодли, ташаббускор, ўз касбининг устаси бўлган иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 60 нафардан ортиқ 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли йигит-қизлар “Тасвирий ва амалий санъат”, “Адабиёт ва публицистика”, “Миллий мақом ва миллий эстрада” йўналишлари бўйича ўз истеъдодларини синовдан ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 март куни қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “йўл харитаси”га асосан ташкил этилган мазкур танлов вилоятдаги илм-фан, санъат ва маданият, ахборот технологиялари, бадиий ижод, архитектура ва дизайн, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик каби турли соҳаларда фаолият юритаётган, ташаббускор ва фидойи ёшларнинг ўз қобилиятларини намоён этишлари учун муҳим роль ўйнади, десак, муболаға бўлмайди.

Танлов аввалида “Тасвирий ва амалий санъат” йўналиши иштирокчиларининг тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, сангтарошлик, каштачилик каби кўплаб ижод намуналаридан иборат кўргазма ташкил этилди.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний қарорларига кўра, “Адабиёт ва публицистика” йўналиши бўйича эса 1-ўрин Навбаҳор туманидаги 34-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Лобар Давроновага насиб этди. Кейинги ўринларга Кармана туманидаги 9-умумтаълим мактаби ўқувчиси Қодир Муртозоев ҳамда Томди туманидаги 11-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчи Қуанишгул Аширбекова муносиб кўрилди.

“Тасвирий ва амалий санъат” йўналиши бўйича 1-ўринни Қизилтепа туманидаги 29-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Ойдиной Зарифова, 2-ўринни Кармана туманидаги 3-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Муниса Содиқова, учинчи ўринни эса Хатирчи туманидаги 9-сонли БЎСМ ўқувчиси Зарина Абдуҳакимова эгаллади.

“Миллий мақом ва миллий эстрада” йўналиши бўйича Навоий шаҳридаги 8-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Диёр Турсунов 1-ўрин, НавДПИ “Мусиқий таълим” йўналиши талабаси Ҳумоюн Эсанов ва Зарафшон шаҳридаги 9-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Ақбиби Жарилқасинова эса кейинги ўринлар соҳиби бўлди.

Барча ғолиблар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди ва танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Абдували Бўриев, ЎзА