ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” республика танловининг Сурхондарё вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ходимлари, туман (шаҳар) бўлинма раҳбарлари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, зиёлилар ва ёшлар иштирок этди.
[gallery-14901]
Танлов мамлакатимизнинг барча ҳудудларида илм-фан, санъат ва маданият, ахборот технологиялари, бадиий ижод, архитектура ва дизайн, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик каби соҳаларда фаолият юритаётган ва юқори натижаларга эришаётган иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантириш мақсадига қаратилган. Шунингдек, лойиҳа истеъдодли ва ташаббускор ёшларнинг ушбу соҳалардаги салоҳиятини намоён қилиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, муносиб даромад олиши учун янгича фикрлаш ва етарли кўникмага эга бўлишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Танловда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 45 нафар номзод “Адабиёт ва публицистика”, “Тасвирий ва амалий санъат”, “Миллий мақом ва миллий эстрада” йўналишида ўз маҳоратини намойиш этди.
Тадбирда фаол иштирок этган ва турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА