Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан қўшиғига айланган Севара Назархон
13:11 / 2020-04-11

Севара Назархон Хайрияларни мувофиқлаштириш марказидаги колл-марказда волонтёр сифатида иш бошлади.


Ватанга муҳаббат гимнига айланган “Улуғимсан, Ватаним!” қўшиғини қачон эшитсак, юрагимизда Ватан янгидан туғилгандек, қайноқ меҳримизга чўлғангандек бўлади.

Сен – шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам, ўғлим деб,
Бош эгиб турган чинорим,
Қўйнимдаги ифтихорим,
Бўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, ВАТАНИМ !..


Гарчи бу улуғ шоир Муҳаммад Юсуфнинг шеъри бўлса ҳам ундаги ўтли сатрлар Севара Назархоннинг овози билан юракларимизга муҳрланиб қолган.

Бу санъаткорнинг шу қўшиқда яшаб, куйлашидан. Аммо куни кеча унинг ўзи шу қўшиққа айланиб, миллионлар қалбини ларзага солди.

Гап шундаки, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон “Ўзэскпомарказ”да ташкил этилган Хайрияларни мувофиқлаштириш марказидаги колл-марказда волонтёр сифатида иш бошлади.

Колл-марказнинг 1197 қисқа рақамли ягона алоқа тармоғи карантин вақтида аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида йўлга қўйилган. Марказда Ёшлар иттифоқининг юзга яқин кўнгилли ёшлари фаолият олиб бормоқда.

Севара Назархоннинг волонтёрлик кийимидаги сурати ижтимоий тармоқларда тарқалганда, худди денгиздагидек катта бир тўлқин ҳосил бўлди. Бу ҳайратга, ҳавасга, меҳрга тўлган тўлқин барча ижтимоий тармоқларда фойдаланувчиларнинг биридан-бирига ўтиб бораверди.

Истеъдодли санъаткорнинг бу эзгу иши, ташлаган жасоратли қадами миллионларнинг олқишини олди.

Инстаграмда тарқалган видеода Севара иш жараёни жуда қизғинлиги, ёшлар билан бирга ишлаш мароқли эканини айтган. Қўнғироқ қилаётганлар кўп ва улар озиқ-овқат, дори-дармон каби нарсалар кераклигини билдирмоқда, биз эса ёзиб олиб, керакли жойларга етказаяпмиз. Ўйда қолинг, гигиена қоидаларига риоя қилинг, сизга ёрдам зарур бўлиб қолса 1197 рақамига қўнғироқ қилинг, деб қўшимча қилган у.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари эса Севара Назархоннинг бу иши чинакам ватанпарварлик эканини эътироф этиб, қўллаб-қувватлаган. Қолдирилган минглаб изоҳларда одамлар таърифга сўз топа олмай, унга юрагини тутган, уни яхши кўришини билдирувчи махсус белгиларни қолдирган.

Фейсбук фойдаланувчиси Ирода Мусаева-Ўринова “Севара артист эмас, у санъаткор. Ҳақиқий фидоий санъаткор. У айримларга ўхшаб еган ошини кўз-кўз қилмади ёки бўлмаса беҳуда видеолар олиб интернетга жойлаб ўтирмади. У ўз соғлиғини ўйламай, беғараз ёрдам қилиш учун волонтёр бўлди!”, деб ёзиб қолдирган.

Ҳақиқатан, шундай. Чинакам санъаткор нафақат ижод қилади, балки халқи учун фидойилик қила олади. Уруш йиллари фронтга бориб, санъатини намойиш қилган буюк санъаткорларимиз шундай йўл тутган. Севара Назархон ўша буюкларнинг издоши эканига яна бир карра амин бўлдик. Ташаккур сизга, Севара!