Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, барчани Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги билан муборакбод этди.
[gallery-27137]
Таъкидланганидек, ҳар қандай давлатнинг тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлайдиган энг асосий омил юрт тинчлиги ва фуқаролар хавфсизлигидир. Айниқса, бугунги кунда дунё мамлакатлари ўртасида кечаётган ўзаро зиддиятлар биздан ҳар қачонгидан ҳам огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этмоқда.
Шу боис, сўнгги йилларда Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан миллий армиямизни жаҳон талабларига мос равишда модернизация қилиш, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини кучайтириш ва Қуролли Кучларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва руҳий тайёргарлигини янада ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бунинг амалий ифодаси сифатида ўтган йили Ҳарбий-маъмурий сектор фаолиятини ривожлантириш мақсадида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 43 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилганини, янги қурилган уйлардан 315 та квартира ҳарбий хизматчиларга берилгани, янги барпо этилган Мудофаа ишлари бошқармасида бугунги давр талабидан келиб чиққан ҳолда рақамлаштириш ишлари олиб борилиб, фуқаролар учун қулай шароитлар яратилганини қайд этиш зарур. Шунингдек, бугунги кунда қарийб 20 миллиард сўмлик маблағ ҳисобидан Тахтакўпир, Чимбой ва Нукус туманларининг Мудофаа ишлари бўлимлари бинолари янгидан қурилаётгани, 60 хонадонли, 5 қаватли турар жой - хизмат уйлари яқин кунларда чегара ҳарбий хизматчиларига топширилиш арафасида тургани, албатта, Ватан ҳимоячиларининг жанговар ва руҳий тайёргарлигини оширишда муҳим ўрин тутади.
Президентимиз раислигида 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида муддатли ҳарбий хизмат – фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик эмас, балки ёшларимиз жамиятда мустаҳкам ўрнини топиши учун уларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этилиши зарурлиги қайд этилди. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини янада мустаҳкамлаш билан бирга, уларнинг маънавий оламини ҳам мунтазам бойитиб боришни замоннинг ўзи талаб этмоқда.
–Ҳарбий хизматчилар меҳнатини қадрлаш, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий пенсионерларни ижтимоий ҳимоя қилиш доимо диққат-эътиборимиз марказида бўлиши зарур, – деди давлатимиз раҳбари.
Хусусан, 1 апрелдан бошлаб, Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун устама миқдори 2 карра оширилади. Контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши 10 фоизга кўпайтирилади. Ҳудудий мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимларининг ҳарбий бўлмаган хизматчиларини ойлиги бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга оширилади. Қуролли Кучлар сафида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик миқдори 75 фоиздан 100 фоизга етказилади. Шу билан бирга, ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қурилиши кенгайтирилади.
Байрам муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўкрак нишонлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Тадбир якунида санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари