ФОТОРЕПОРТАЖ
Ёшликда қўлга киритилган юксак эътироф инсон зиммасига катта масъулият юклайди. Айниқса, давлат мукофотига сазовор бўлиш — нафақат шахсий ютуқ, балки жамият ишончи ва келажакка қаратилган умид ифодасидир. ЎзА сайтида йўлга қўйилган “Зулфияхоним издошлари” лойиҳаси ана шундай иқтидорли ёшларнинг бугунги фаолияти, касбий ютуқлари ва Ватан тараққиётига қўшаётган ҳиссасини ёритишга қаратилган.
Шундай иқтидор соҳибаларидан бири — Паризода Аҳрорхўжаева. У 2000 йилда Фарғона вилоятида туғилган. Ёшлигидан адабиёт ва ижодга меҳр қўйган Паризода таълим йўлида изчил изланиб, 2023 йилда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини муваффақиятли тамомлади. Талабалик йилларидаёқ фаоллиги, ташаббускорлиги ва билимга чанқоқлиги билан эътиборга тушди.
Паризода 2019 йилда адабиёт йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Орадан уч йил ўтиб, 2022 йилда Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясини қўлга киритди. Бу мукофот ва стипендиялар унинг билим ва салоҳиятини мустаҳкамлаб, олдига қўйган мақсадлари сари руҳлантирди.
Илмий изланишларини давом эттирган Паризода 2025 йилда Фарғона давлат университетининг адабиётшунослик йўналиши магистратура босқичини муваффақиятли якунлади. Бугун у нафақат педагог, балки тележурналист сифатида ҳам фаолият юритиб, маънавий-маърифий мавзуларни кенг жамоатчиликка етказишга ҳисса қўшмоқда.
[gallery-27956]
Айни пайтда Паризода Бувайда туманидаги “Zamon School” нодавлат таълим муассасасида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси сифатида меҳнат қилмоқда. Унинг асосий мақсади — ёш авлодни миллий қадриятларга садоқат, она тилига ҳурмат ва адабиётга муҳаббат руҳида тарбиялаш.
Ёшликдаги эътироф бугун Паризода Аҳрорхўжаева учун катта масъулиятга айланган. У ўз билим ва тажрибасини жамият манфаати йўлида сафарбар этиб, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшишни ўзининг ҳаётий бурчи деб билади. “Зулфияхоним издошлари” лойиҳаси ана шундай фидойи, билимли ва ташаббускор ёшларнинг фаолиятини ёритиш орқали жамиятга ибратли намуна тақдим этади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА