Ёз – болажонларнинг севимли фасли. Шу кунларда кўпчилик ота-оналар ёзги таътилдан самарали фойдаланмоқда. Фарзандларини табиат қўйнига, тарихий обидаларга, кўнгилочар масканларга олиб бормоқда.
Тарихни яхши билиш, аждодлар қаҳрамонлигини унутмаслик ёшларда ватанпарварлик руҳини янада оширади. Бундай масканларга болаларни кўпроқ олиб бориш, улар билан шу мавзуда кўпроқ суҳбатлашиш муҳим саналади.
Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасини ёшларда тинчликни асраш, бугуннинг қадрига етиш каби туйғуларни юксалтирувчи “дарсхона” дейиш мумкин.
[gallery-17905]
Бу маскан халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонлигини абадийлаштириш учун 2020 йил 9 майда очилган эди.
Катта мажмуа бир нечта ҳудудга бўлинган. Бу ҳудудлар уруш оқибатлари ва аскарлар қаҳрамонлиги, фронт ортидаги ишчилар матонатидан ҳикоя қилади. Бунда қайғу билан дард, шодлик билан шукроналик мужассам.
Уруш сабаб беш нафар ўғлидан айрилган Зулфия ая Зокирова хотирасига ўрнатилган “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги мажмуага ташриф буюрувчилар эътиборини тортади. Мажмуа ҳудудидаги сунъий тепаликда “Абадий жасорат” композицияси ўрин олган. Унинг пастки қисмида эса Ўзбекистоннинг урушдаги иштироки тарихига бағишланган Шон-шараф музейи жойлашган. У ердаги бой экспозицияси кишини ҳайратга солади.
Бу мажмуа пойтахт аҳли ва меҳмонларини доимо чорлаб турадиган манзиллардан бири саналади.
Икром АВВАЛБОЕВ, Рустам НАЗАРМАТОВ(сурат), ЎзА