Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройида "Ватан манзумаси" номли адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, эл-юрт фаровонлиги учун сафарбарлик, ватанпарварлик, мардлик ва жасорат сингари эзгу фазилатлар акс эттирилган мазкур адабий-маърифий тадбирда турли соҳа вакиллари, ҳарбий хизматчилар, ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Мудофаа вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир барчага манзур бўлди. Унда марҳум ва замондош шоирларнинг ватан, халқ, она каби мавзулардаги шеърлари ўқиб эшиттирилди. Ёш ижодкорлар ҳам ўз ижод маҳсулларини томошабинлар эътиборига ҳавола қилди.

Санъаткорларнинг юрт, она мавзусидаги куй-қўшиқлари, айниқса, ҳарбийларнинг чиқишлари йиғилганларни хушнуд этди. Бу ватанпарварликнинг ҳақиқий тараннуми бўлди.

Кеча якунида 2000 йил август ойида Сурхондарё вилояти Узун ва Сариосиё туманларида террорчиларга қарши олиб борилган жангларда мардонавор курашган ва хизмат бурчини бажараётган чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган мард ва жасур юрт ўғлонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
М.Сулаймонов, ЎзА