Жиззах шаҳридаги “Киберспорт арена”да ватанпарварлик, мардлик ва жасоратни тарғиб этувчи “Ватан манзумаси” номли адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Маданият вазирликлари, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Кинематография агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда ҳарбийлар, ёшлар, уларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
“Ватан манзумаси” – ватан, халқ ва она юртга бағишланган шеърлар, қўшиқлар, бадиий чиқишлар орқали ёш авлодда юртга муҳаббат ва садоқат туйғусини юксалтиришга хизмат қилувчи маънавий-маърифий лойиҳа ҳисобланади.
Тадбирда таниқли ва ёш ижодкорлар томонидан Ватан мавзусидаги шеърлар ўқилди. Ҳарбийлар ва санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар, бахшичилик, миллий кураш намойишлари ҳамда халқ оғзаки ижодига асосланган саҳна чиқишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди.
– “Ватан манзумаси” ёшлар қалбида юртга муҳаббат ва садоқат туйғусини мустаҳкамлайди, – дейди кичик сержант Нигора Турғунова. – Бу каби тадбирлар ота-оналар, устозлар ва ҳарбийлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ғоявий-тарбиявий дастурнинг муҳим бўғинидир.
Тадбир доирасида “Мард аскарга совға” туркумидаги янги китоблар тақдимоти ва китоблар ярмаркаси ҳам ташкил этилди.
[gallery-24628]
Эътиборли жиҳати шундаки, “Ватан манзумаси” тадбирларини республикамизнинг барча ҳудудлари, жумладан, таълим муассасалари ва маҳаллаларда ҳам намойиш этиш режалаштирилган. Бу орқали ёш авлодни Ватанга муҳаббат, садоқат ва жасорат руҳида тарбиялаш мақсад қилинган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари