ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Термиз шаҳар санъат саройида “Ватан манзумаси” маънавий-маърифий лойиҳасининг навбатдаги намойиши бўлиб ўтди.
Дастур доирасида ташкил этилган тадбирлар мустақил Ўзбекистоннинг бетакрор маънавий манзарасини, халқ ва армия, санъат ва ҳарбийлик, мафкура ва эстетик тарбиянинг уйғун муштараклигини ўзида мужассам этди. Ҳар бир саҳна кўриниши, ҳар бир шеърий сатр, куй-қўшиқ ва театрлаштирилган чиқиш томошабинлар қалбида она юртга меҳр, истиқлолга садоқат ва миллий ўзликка ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Тадбир давомида Ватан, халқ, она, эрк ва ҳуррият мавзуларига бағишланган шеърлар ёш истеъдодлар томонидан бадиий маҳорат билан ижро этилди. Ҳар бир байт, ҳар бир мисра Ватанга бўлган чексиз муҳаббатни, эркинликка бўлган интилиш ва ғурурни юракларга жо этди.
[gallery-24825]
Тадбирнинг яна бир диққатга сазовор жиҳати, машҳур санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқларнинг юксак бадиий савияси ва мазмуний бойлигида намоён бўлди. Улар дўстлик, меҳр-оқибат, севги ва садоқат, юртга муҳаббат каби умуминсоний қадриятларни мадҳ этган ҳолда, миллий руҳни тараннум этди. Шунингдек, бахшилар ижросида янграган термалар, ҳарбий хизматчилар иштирокидаги театр саҳналари ва тарихий ҳамда замонавий образларда ватанпарварлик, фидойилик ва халқпарварлик сингари юксак инсоний фазилатлар бадиий ифодасини топди. Тинчлик ва осойишталик – юрт тараққиётининг асоси, халқ фаровонлигининг кафолати сифатида мадҳ этилди. Ҳаётимиздаги барака, тотувлик, ижтимоий барқарорлик ва миллий бирлик сингари юксак тушунчалар мусиқий, шеърий ва саҳна воситалари орқали кенг ёритилиб, юракларга етказилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА