Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда
11:25 / 2023-09-12

Фарғона вилоятининг чегараолди ҳудуди – Фарғона ва Бешариқ туманида “Ватан остонаси” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

Ватан – аждодларимиз киндик қони тўкилган муқаддас даргоҳ. Ватан, бу – халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, муқаддас қадрият ҳисобланади. Хўш, бу муқаддас туйғу нимадан куч олади, Ватан қаердан бошланади?  

Бу ёруғ оламга келибоқ тамшанганча она меҳрига интилган гўдак “инга”сиданми? Оналарнинг тунлари бешик қучоқлаганча кўзларидан уйқуни қувиб айтган “Алла” оҳангларидан бошланадими Ватан туйғуси? Она замин тафтини ҳис этиб, “тетапоя” қилиб ташланган омонатгина қадамлардан қувват оладими бу туйғу? Биринчи қор парчаларини кўрган кунимиз, илк муҳаббат, биринчи ўқитувчи, дастлаб дуо олган кунимиздан бошлангандир балки Ватан туйғуси?!  

Нима бўлганда ҳам, она ватанни севиш, унинг ҳар қаричини ардоқлаш, севиб яшаш инсоният тарихидаги энг нозик ва ҳаётбахш ҳис-туйғудир. Худди она каби Ватаннинг ҳам яхши-ёмони, хунук-чиройлиси бўлмайди. Қандай бўлса шундайлигича севиш, унинг дардига дармон бўлиш, юрт равнақи учун имкон қадар ҳисса қўша олиш, юртдошларга меҳру муҳаббат – чин инсонлик мартабасидир. Ватанпарварлик, юртга садоқат, халқ хизматига камарбасталик эса киши маънавиятидан дарак беради. Шу фазилатлар инсонни юксалтиради, ҳурмат-эътиборга сазовор қилади.  

Фарғона туманидаги “Гулпиён” маҳалла фуқаролар йиғинида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамкорлигида “Ватан остонаси” шиори остида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда юқорида таъкидланган фикрлар юракларга кўчди. Вилоятнинг чегараолди ҳудудларидан бири ҳисобланган мазкур маҳалла аҳли, айниқса, ёшлар қалбида жўш урган туйғулар ўзига хос. Ахир, Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юрт сарҳадлари шу маҳаллада яққолроқ аён бўлади – чақирса овоз етгулик масофада қўшни давлат жойлашган.    

Ҳамкор ташкилотлар вакиллари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, театр актёрлари, шоир ва ёзувчилар, олимлар ва санъаткорлар билан учрашув давомида таъкидланганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар нафаси Гулпиёнда уфуриб турибди. Илгари “чекка ҳудуд”  ҳисобланган, фақат пахта ва ғалла етиштирилган қишлоқда кейинги йилларда мисли кўрилмаган бунёдкорлик, янгиланишлар юз кўрсатди. Жумладан, бу ерда “Баҳодир лоғон текстил” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, минглаб одамлар иш билан таъминланди. Шу номдаги пахта-тўқимачилик кластери, кластерга қарашли тўқимачилик корхонасига биринчи навбатда маҳаллий ёшлар ишга қабул қилинди. Айни кунда корхона йилига 10 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эса хориж давлатларига пешма-пеш экспорт қилинмоқда. Ўз-ўзидан ишчиларнинг моддий манфаатдорлиги ҳам йил сайин ортиб бормоқда.  

“Vodiy Shoes” корхонаси ҳам ҳудуд ривожига сезиларли таъсир кўрсатди. Умумий қиймати 16 миллион доллардан зиёд бўлган мазкур корхонада ҳозир 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар хорижникидан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас.  

– Ўзбекистонда туғилганимдан ҳамиша фахрланаман. Ахир, инсон қадри улуғланадиган юртда яшашнинг ўзи катта бахт эмасми?! Давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз халқ дардида тинимсиз изланишда, ишсизлик муаммоси йил сайин барҳам топяпти. Ёшларнинг таълим олиши, замонавий касб-ҳунарни эгаллаши учун шарт-шароитлар кенгаймоқда, – дейди гулпиёнлик Шоирахон Маҳмудова. – Қирғизистонга чегарадош қишлоғимизда 3,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, аксарияти ёшлар. Маҳалламизга Президентимизнинг ҳам қадами етди. Юртимиз ривожига камтарона ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз.

– Бугунгидек маънавий-маърифий тадбирлар одамлар кўнглидаги иш бўляпти. Тинчлик бўлган жойда байрамлар бўлади. Айниқса, чегарачиларимиз туну кун ватан ҳимоясида. Маҳалламизга келган таниқли санъаткорлар, актёрлар, нотиқлар билан дилдан суҳбатлашдик, орзу-ниятларимиз билан ўртоқлашдик. Куй-қўшиқлар тинглаб, рақсларга тушдик. Ахир, обод юртга байрамлар ярашади-да, – дейди Илҳомжон Адҳамов. – Инсон ҳаётда нима эзгу иш қилмасин, юрти, халқи учун нафи тегса, бундан улуғ иш йўқ менимча.Фаровонлигимизга, тинчлигимизга кўз тегмасин.  

Учрашувлар, дилдан суҳбатлар чоғида шу каби изҳорлар айтилди Гулпиёнда. Юраклар тубидан, зарра ёлғон аралашмаган ҳолда тилларда янгради юрт мадҳи. Истиқлолга шукроналик, юрт тараққиётига дахлдорлик, маънавий баркамоллик, бир сўз билан айтганда, Ватан туйғуси жўш урган нигоҳлар эътиборни тортди тадбирларда. “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу тамойил ўз натижасини бераётганлиги эътироф этилди.  

“Ватан остонаси” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбир Фарғона туманида жойлашган чегара қўриқлаш взводида ҳам давом этди. Бу ерда чегарачилар ва уларнинг оила аъзолари билан дилдан суҳбат қурилди. Ҳарбийларга китоблар совға қилинди. Юрт тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида ўз оромидан кечиб, туну кун сергакликни йўқотмаётган аскарлар шаънига шеърлар айтилди. Она Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли ишга бел боғлаган ҳарбийлар ва уларнинг турмуш ўртоқларига миннатдорлик билдирилди. Взводдаги тикувчилик цехи, болалар боғчаси фаолияти билан танишилди.  

Ана шундай шукуҳли тадбирлар Бешариқ туманида ҳам давом этди. Нуронийлар шундай дориламон кунлар учун шукроналик билдирди. Тарғибот гуруҳининг аҳоли ва чегарачилар билан самимий мулоқоти барчага манзур бўлди.  

М.Сулаймонов,  

ЎзА мухбири