Йил бошида Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти «2035 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 45,6 млн. кишидан ошиши кутилмоқда» дея хабар тарқатди. Таҳлилларга кўра, ўша пайтгача мактабларда қўшимча 8,2 миллион ўқувчи ўрнини яратиш зарурати юзага келган.
Биргина шу жиҳат мамлакатимиз ва жамиятимиз бугун қандай янгиланиш ва ўзгаришлар бўсағасида турганини яққол кўрсатиб бера олади.

Ҳолбуки, мустақилликка эришилган 90-йиллар бошида мамлакатимиз аҳолиси сони 20 миллион атрофида эди. Албатта, демографиянинг бундай силтама динамикаси биз истаймизми ёки йўқ, ижтимоий ва сиёсий ҳаётимизга ўз таъсирини кўрсатиши табиий. Қолаверса, бугун дунёда кечаётган ва натижаларини олдиндан тусмоллаш жуда қийин бўлган геоиқтисодий ва геосиёсий вазият нафақат давлатимиз, балки минтақадаги «иқлим»ни кескин ўзгартирди, янги вазифа ва масалаларни юзага келтирди: глобаллашув жараёнлари жадаллашди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаган либерал ислоҳотлар эса мамлакат ички ҳаёти – жамиятда руҳий янгиланишларга туртки бердики, бу одамлар тафаккури, турмуш шароитида ҳам ўз аксини кўрсата бошлади. Гарчи янгиланишларни қабул қилиш, тан олишга баъзиларда ирода ва самимият етишмаётган бўлса-да, буюк Софокл «ҳақиқат доимо энг қудратли далил бўлиб қолаверади» деганидек, амалга оширилган ўзгаришлар турмушимизга ўзгача мазмун-моҳият бағишлаганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз.
Кези келганда, мен ҳаётдан норози бўлиб тинмай ёзғирадиган, ўзларидан «ҳақиқатпарвар» ясаб олган баъзи ватандошларимизга биргина савол бераман: атиги етти йил олдин сизда оддий бир инсон ҳақли бўлган қандай ҳуқуқлар бор эди? Масалан, банк картасига тушган маошингизни нақдлаштиролмай, неча кун сарсон бўлгансиз ёки бугунгидек ижтимоий тармоқларга чиқиб, бемалол ўз фикрингизни эркин айта олганмисиз, эркин интернет, деган нарсанинг ўзи бормиди, у замонларда?
Албатта, бу келтирганларим бўлган ўзгаришлар, яратилган имкониятларнинг мингдан бири. Қолаверса, ҳозир гап амалга оширилган ислоҳотларни санаш ёки кимнидир маломат қилиш ҳақида эмас, балки унинг ҳаётимиз ва дунёқарашимизни ўзгартириб юборгани – суггестив характери ҳақида. Айтиш мумкин бўлса, жамиятимизда ижтимоий-иқтисодий, мафкуравий зеҳниятнинг ўзгариши жамият тафаккурини янгилади. Ва ўз ўрнида ушбу жиҳатлар том маънода ҳуқуқий пойдевор – конституцион янгиланишларни амалга ошириш заруратини кун тартибига қўйди.
Мен амалдаги Бош Қонунимизни камситмаган ҳолда, кейинги пайтларда жамоатчилик орасида кўп ва ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган маъмурий бошқарувдаги бир нуқтага эътибор қаратмоқчиман: қачонгача ҳокимлар ҳам ижро, ҳам вакиллик ҳокимияти раҳбари бўлади? Таассуфки, амалдаги Конституцияда шу ва шунга ўхшаш ҳақли саволларга сабаб бўлувчи, бугунги ўзгариш ва янгиланишларни тўла қамраб олишга, замонавий дунёда кечаётган глобал тамойилларни ўзига сингдиришга монелик қиладиган бўшлиқлар ҳақиқатан ҳам бор.
Шу маънода, бугун конституцион ислоҳотларнинг амалга оширилаётганини тарихий зарурат сифатида қабул қилсак, адолатдан бўлади.
***
Бир нарсани очиқ тан олишимиз керакки, халқ манфаати йўлида ислоҳотлар ўтказиш ҳар доим ҳам осон кечган эмас. Унинг йўлига кимдир ғов қўйиши, кимдир дов бўлиши табиий. Бундай ҳолатларни ҳаётимизда кўриб ҳам турибмиз. Ҳаттоки, юрт тақдири, халқ тинчлиги билан боғлиқ бирор-бир муаммога энг оқилона ечим топган, натижаси мислсиз даражада самарали кечган масалада ҳам эҳтиром ўрнига таънаю дашном эшитишинг ҳеч гап эмас. Беш қўл баробар бўлмаганидек, барчага бирдек ёқиш, манзур бўлишнинг мутлақо имкони ҳам йўқ. Аммо Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан бошланган ўзгаришлар шабадаси халқимизга чинакам эрк берди, унинг қадрини юксакка кўтарди. Халқимиз буни қалбдан ҳис қилиб турибди. Шунга яраша юқорида таъкидлаганимиздек, халқимизнинг тафаккури, дунёқараши ҳам ўзгарди.
Ҳаётимизда бугунгача кечган ислоҳотлар кўпчилик ҳолларда бир характерга, масалан, маъмурий ёки маълум бир соҳа истиқболини белгилашга қаратилгани билан кечишига кўп бора гувоҳ бўлганмиз, лекин Ўзбекистонда 2016 йилдан бошланган ўзгаришлар бутунлай бошқача қиёфа касб этди. Ислоҳотлар марказида инсон тургани, қолган барча янгиланишлар мана шу олий қадрият – инсон омили атрофида кечгани Президент Шавкат Мирзиёев сиёсатининг эзгу ва халқпарвар эканини таъминлаб берди.
Биз шундай даврларни бошдан кечирдикки, инсон қадри ҳақида гапириш худди мутойибага ўхшаб қолганди. Инсоннинг ҳаёти, тақдири, қандайдир сиёсий-иқтисодий амбицияларга сомеъ келтирилгандек, оддий одамлар кўп, ва ҳатто, оддийгина ҳуқуқларидан ҳам мосуво этилгандек эди. Тўғри, расмий матбуот «дахлсиз ҳуқуқлар» ҳақида тинимсиз жағ урар, ёзар, лекин ҳаётда буни нафақат кўриш, ҳис этиш, балки илғаш ҳам имконсиз эди. Конституцияни, унинг асосида қабул қилинган қонунларни исталганча талқин қилиш мумкин эди. Инсоннинг бир қадрият сифатида давлат сиёсатида тутадиган салмоғи, дейлик, унинг табиий бойликлари, ҳарбий кучи, иқтисодий имкониятларидан ҳам қуйироққа суриб қўйилган эди. Аммо замонавий дунёда кечаётган тенденциялар шуни кўрсатмоқдаки, бугун дунёга ва ҳаётга бундай қарашнинг пайти ўтди. Инсон омили барча табиий бойликлар ва мафкураю турли хил назариялардан кўра қимматлироқ ва бебаҳо қадрият.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун глобал дунёда кечаётган иқтисодий-сиёсий, маънавий-мафкуравий ушбу эврилишни тўғри англади ва бор куч-қуввати, сиёсий иродасини шу йўл – халқининг қадр-қимматини жойига қўйиш, унинг эгилган қаддини кўтаришга йўналтирди. Ушбу сиёсат натижаси ўлароқ, бугун халқнинг энг аввало, турмуш даражаси, ҳуқуқлари, интеллекти, дунёқараши, тафаккур оламига қараб баҳо бериш урфга айланди.
Дарҳақиқат, инсон тафаккури, ҳаётдан розилик даражаси, унинг ҳақ-ҳуқуқлари сўзсиз таъминланиши ҳар қандай қудратдан муҳимроқдир. Бугун Ўзбекистонда кечаётган янгиланишлар мазкур жиҳатлари билан ҳам кўпчиликнинг қизиқишига, ҳавасига сабаб бўлаётгани айни ҳақиқат. Бир нарсани фахр билан айтиш керакки, эндиликда Ўзбекистонда инсон қадри энг олий қадрият даражасига кўтарилди.
Шу боис ҳам Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясига «Инсон – жамият – давлат» тамойили киритилаётгани бежиз эмас. Зотан, биз янгилаётган Конституция инсонни жамият ва давлатдан устун қўймоқда.
Хусусан, янги таҳрирдаги Қонунимиз лойиҳасининг 1-моддасида «Ўзбекистон – суверен демократик республика» жумласини «Ўзбекистон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат» дея ўзгартирилди. Нега бундай қилинди? Кўпчилик конституциядаги бу ўзгаришни ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган шунчаки бир омади гап ёки халқаро андозаларга мос бўлиши учун бир ҳашам деб талқин қилиши ҳам мумкин. Бироқ, ундай эмас: Президент иш бошлаган дастлабки кунларидан то бугунги фаолиятигача назар солсангиз, бўртма бир қизил чизиқни кўрасиз, бу бевосита ижтимоий ҳимоя, халқнинг, одамларнинг оғирини енгил қилиш, неча йиллардан буён рўшнолик кўрмай, ранги сарғайган бева-бечоралар, ногиронлар, жамиятнинг кам таъминланган қатлами дардига дармон бўлиш истагида қилинган амалий ҳаракатлардир. Бунга бугун дунё ҳамжамияти истиқболли тажриба сифатида эътироф этаётган «дафтарлар формати», уйсизларни арзон уй-жой билан таъминлаш ва яна бир қанча ижтимоий лойиҳаларни киритиш мумкин. Демак, Президентда «ижтимоий давлат» тамойилини Бош қонунимизга муҳрлаш режаси бугун пайдо бўлмаган ва ўз ўрнида бу шунчаки жимжимадор, қонунни безаш учун топилган ибора ҳам эмас, балки ўзининг етарли асосларига эга пухта ва узоқ ўйланган сиёсатдир.
Ўрни келганда Шавкат Миромонович амалга оширган яна бир тарихий воқеа, инсонпарварлик, элпарварлик намунаси сифатида ёдимда қолган ҳолатни айтмасам бўлмас. Зотан, давлатнинг, миллат Лидерининг ўз фуқаросига, миллатдошига кўрсатган оқибати, меҳри аслида қай даражада бўлиши кераклиги, қолаверса, Ўзбекистонда янги маъмурият даврида инсонга муносабат қай даражада ўзгарганини кўрсатишга яхши мисол бўлади. Бу, 2019 йилдан буён бир неча босқичда амалга оширилган «Меҳр операцияси» билан боғлиқ хотиралардир. Ўшанда давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан юзлаб ватандошларимиз, асосан, аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилган эди.
Бу ҳақда гап кетганда, биз биргина сўз билан «қайтарилди» деб осонгина тилга оламиз. Лекин бу операциянинг ортида қанчалик катта хавф ва машаққат турганини, қандай оғир ва қийин қарорлар қабул қилишга тўғри келинганини ҳамма ҳам тасаввур қилолмайди.
Шавкат Миромонович «Гарчи адашган бўлишса ҳам, лекин улар ватандошларимиз-ку! Улар учун ким билан бўлса ҳам музокара олиб боришга тайёрман», деб ҳақиқий миллий лидерларга хос жасорат ва қатъиятини намоён этган эди. Ёрдамга муҳтож ҳар бир юртдошимиз, миллатдошимиз учун жон куйдирди. Уларни Ватанга қайтарди. Фақат қайтариш билан чекланмади, оғир дамларни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.
Жамиятга мослашишлари, таълим, ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароитлар яратилди, уларни бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.
Шу эмасми, инсоннинг ўз юртида ҳақиқий қадр ва эътибор топганининг амалий далили ва ифодаси?
Донишмандлар айтганларидек, боланинг, юртдошнинг бегонаси бўлмайди. Яқин Шарқ ва Афғонистондан ташқари, Украинада бошланган талотўплардан кейин 6 минг нафарга яқин юртдошимиз Ўзбекистонга олиб келинди. Ваҳоланки, 2016 йилгача чет элларда мураккаб аҳволга тушиб қолган ватандошларимизни юртимизга олиб келиш тугул, чорасиз қолган фуқароларимизнинг ҳатто ҳақ-ҳуқуқларига ҳам эътибор қилинмас эди.
Бундай нозик ва мураккаб масалада қатъият билан қарор қабул қилиш ҳазилакам жасорат ва сиёсий иродани талаб этадими? Ўша болаларнинг бахтиқаро оталари ўзга юртларда катта эҳтимол билан кафансиз кўмилгани, оналари эса тутқунликда нечоғлиқ оғир аҳволда эканини хаёлга келтиришнинг ўзи даҳшат-ку ахир!
Дунё донишандлари яна бир фикрни алоҳида таъкидлайдилар: ёруғ дунёга келган ҳар бир бола бахтли бўлиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун ўзини ҳурмат қилган ҳар бир давлат зиммасига маълум бир мажбуриятларни олади ва бажаради ҳам.
***
Қабул қилинаётган янги Бош қомусимизни чин маънода халқ конституцияси, десак менимча, ҳеч ким эътироз қила олмаса керак. Зотан, мазкур лойиҳа бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида деярли бутун халқимиз иштирок этди ва улар томонидан жами 222 минг 715 та таклиф келиб тушди.
Мен комиссия аъзоси, қолаверса, узоқ йиллар давомида давлат ва жамоат ишларида ишлаган, етарлича ҳаёт тажрибасига эга бўлган бир инсон сифатида янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилаётган ўзгаришларнинг энг муҳимларидан бир нечтаси ҳақида фикр юритмоқчиман.
Мақола аввалида бекорга Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг демография бўйича таҳлилларини келтирмадим. Зотан, бугун мамлакатимиздаги аҳоли ўсиши дунё даражасида энг юқори ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Прогнозларга кўра, 2035 йилга бориб, 7-17 ёш оралиғидаги болалар сони 9 миллион 737 минг нафарни ташкил этади. Бу ҳисобга 17-30 ёшгача бўлганларни ҳам қўшсак, миқдор қанчага кўтарилишини тасаввур қила оласизми?.. Қувонарлиси, янги Конституциямизда айни шу жиҳат муҳим омил сифатида ҳисобга олинди ва алоҳида боб даражасига олиб чиқилди. Бу, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда ёшлар сиёсатига устувор аҳамият берилаётганини кўрсатади, албатта.
Муҳокамаларда депутатларимиз, ишчи гуруҳ аъзолари ва экспертлар 2040 йилга бориб, мамлакатимиз умумий аҳолисининг 25 миллионини ёшлар ташкил этишини урғулар экан, ўсиб келаётган авлод учун иш ўринлари яратиш, уларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, ижодий-интеллектуал қобилият ва истеъдодларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олаётгани ёшларимизнинг имкониятларини тез ва ортиқча тўсиқларсиз амалга оширишни таъминлашга хизмат қилишини бирдек эътироф этишди.
Ҳақиқатан ҳам, бугун жамиятда ёшларнинг ўрни катта. Авлодлар алмашинуви кечаётганини барчамиз яхши ҳис этиб турибмиз. Шу маънода, мазкур масала тараққиётимизнинг муҳим фактори сифатида кўрилиб, асосий қонунимиздан унга алоҳида боб ажратилгани, биринчидан, Президентимиз бошлаган сиёсатда ёшлар, келажак авлод, лўндароқ айтганда, жамиятдаги демографик вазият ҳисобга олинган бўлса, иккинчидан, бошлаган ишлардан ортга қайтмаслик, умумсиёсат ва иқтисодиётдаги маъмурий қадимчилик (консерватизм)дан воз кечиб, либерал ислоҳотлар сари дадил қадам ташлаш шаҳдини ифода этади.
Давлатни, эркин жамиятни шакллантириш шундай жараёнки, унга баъзан йиллаб вақт сарфланади. Бизда ҳам мустақил бўлганимизга гарчи 30 йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, баъзи сабабларга кўра, ортга сурилиб, ҳал бўлмай қолаётган муаммолар, масалалар бор эди. Ачинарлиси, конституциямиздаги «бўшлиқ»ларнинг деярли барчаси тараққиётимизга, замонавий дунёга интеграциялашувимизга халал берадиган тоифага мансуб эди, десак, ҳеч адашмаган бўламиз.
Мана, масалан, сўзимиз аввалида тилга олган давлат бошқарув тизимидаги ҳокимларга берилган қонуний ваколатлар масаласи. Шу масала, адашмасам, 30 йилдан буён кенг жамоатчилик, халқимиз томонидан кескин мунозараларга сабаб бўлиб келаётган эди. Референдум – халқимиз танловига қўйилган Бош Қомусимиз лойиҳасида мазкур масаланинг адолатли ечимига ҳам алоҳида эътибор қаратилди: эндиликда янги Конституциянинг ХХI боб, 120-моддасига асосан, ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институтидан воз кечилади.
Мазкур ўзгариш маҳаллий даражада ҳокимиятлар бўлиниши принципини амалга ошириш, ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институтини тугатиш давлат бошқаруви тизими янгиланишининг мантиқий давоми бўлади. Амалдаги қонунимизга кўра, мазкур масалада вазият қандай эди? Тартиб шундай эдики, ҳоким маҳаллий бошқарувдаги ҳар икки институтга ҳам бевосита раҳбар, ижро ҳам, назорат ҳам унинг ўзида эди. Яъни, мен ўзимга ўзим режа тузаман, ўзимни ўзим текшираман, мабодо иш пачава бўладиган бўлса, киши билмас ҳолда ўзим тўғрилаб қўяман. Халқ тилида айтганда, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолаверади. Бу ерда тафовутни кўрмаяпсизми?
Яна бир масала. Бугун мамлакатлар, кенг маънода айтганда, инсоният ва она заминимизнинг тақдири кўп жиҳатдан экология билан боғлиқлигини бутун дунё олимлари, сиёсатчилари бирдек эътироф этишмоқда. Жаҳоннинг жамики давлатлари, бурчларига хавф солаётган ушбу муаммо бизга ҳам бегона эмас. Бунга мисол сифатида ўтган асрнинг сўнггида қурий бошлаган ва ҳақли равишда «аср фожиаси» дея аталган Орол муаммосини келтиришимиз мумкин. Зотан, айни экологик таназзул мамлакатимиз, халқимиз келажаги ва истиқболига етарлича муаммо туғдириши билан биз учун ўта долзарб саналади.
Қачонлардир катталиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда турган кўл бугунга келиб, деярли йўқолди, унинг ўрнида эса майдони 5,5 миллион гектардан иборат саҳро – Оролқум пайдо бўлди. Шамол бу ердан йилига юз миллион тоннагача қум ва тузни кўтариб, юзлаб километрга учиради. Бу, айниқса, Оролбўйида яшаб келаётган туб аҳоли учун ниҳоятда оғир синовдир. Аҳоли, биринчи галда, давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва кўмакка жуда муҳтож.
Ҳозирда айнан Президентимизнинг ташаббуси билан Оролбўйи аҳолисига керакли барча ёрдам кўрсатилмоқда, денгизнинг қуриган қисмида саксовулзор ва яшил ҳудудлар яратилмоқда. Табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётгани экологик хавфсизликни ғоят долзарб масалага айлантирди. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги таклифлари ҳам халқаро жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.
Гап Оролбўйи ҳақида кетганида, Юртбошимизнинг таклифи асосида 2018 йилда Нью-Йоркда БМТ томонидан Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди ташкил қилинганини алоҳида айтиб ўтиш жоиз.
Мазкур фонднинг мақсади халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва донор ҳамжамиятининг маблағларини Оролбўйи минтақасидаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган мураккаб чора-тадбирларни амалга оширишга сафарбар этишдан иборатдир.
Умуман, Шавкат Миромонович дунёдаги энг нуфузли ташкилот минбаридан туриб, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик бир қанча муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари сурдики, улар халқаро миқёсда юксак эътироф этилиб, қўллаб-қувватланмоқда.
Айтиш жоизки, Янги Ўзбекистон етакчисининг халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланаётган ислоҳотларидан яна бири, ҳеч шубҳасиз, бу – қишлоқ хўжалигида болалар меҳнати, аёлларни оғир ва хатарли меҳнатга жалб этиш, мажбурий меҳнат каби нохуш ҳолатларга буткул барҳам берилганидир.
Юзага келган ҳолатлар туфайли ўзбек пахтасига глобал байкот эълон қилиниб, дунё тўқимачилик бозори иштирокчилари томонидан турли иқтисодий чекловлар қўйилган эди. Эндиликда уларнинг барчаси тарихга айланди. Ислоҳотларнинг янги даврида бошқа соҳалар қаторида аграр жабҳа ҳам модернизация қилиниб, соҳага бозор тамойиллари амалда жорий этилди. Натижада қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг инновацион модели бўлган кластер усулига ўтилдики, бунинг ҳисобидан соҳанинг инвестициявий жозибадорлиги ортди, йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган пахтачилик тармоғи юртимиз ва хорижий инвесторларнинг назарига тушди. Қишлоқ хўжалиги, ер ўз эгасини топиб, саноатлаша бошлади.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг кластер тизимига ўтиш ҳақидаги ғояси замирида, аввало, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, чекка ҳудудларда замонавий фабрикалар бунёд этиб, аҳолининг бандлигини таъминлаш, ҳаёт даражасини оширишдек эзгу мақсадлар мужассам. Агар ўтган олти йилни таҳлил қиладиган бўлсак, бунинг амалдаги тасдиғига гувоҳ бўламиз.
Гап шундаки, бугунги кунда республикамизда 134 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият юритаётган бўлса, улар томонидан етиштирилаётган пахта толаси кластер корхоналарининг ўзларида 100 фоиз қайта ишланмоқда. Ваҳоланки, бундан беш йил аввал ушбу кўрсаткич 40 фоиз эди, холос.
Энг асосийси, кластерлар шарофати билан бошқа соҳа вакиллари қишлоқ хўжалиги юмушларидан озод қилинди. Ҳамма ўз иши билан шуғуллана бошлади. Қишлоқ хўжалигини механизациялаш даражаси ортиб, қўл меҳнати тобора қисқартирилмоқда. Бир пайтлардагидек, талабалару бюджет ташкилотлари ходимларини далага чиқариш бутунлай барҳам топди.
Бу эса дунё ҳамжамияти, хусусан, «Cotton Campaign» халқаро коалицияси томонидан тан олиниб, ўзбек пахтасига нисбатан эълон қилинган бойкот бекор қилинди. Яъни, 12 йил давомида амалда бўлган чеклов ечилиб, оқ пахтамиз «қора рўйхат»дан чиқарилди. Бу тўқимачилик маҳсулотларимиз учун дунё бозорлари очилганидан далолатдир.
Президентимиз бу ҳақда тўхталиб, «Неча йиллардан бери пахтадан манфаат кўрмадик. Пахтамизнинг ранги оқ эди, лекин номи «қора» бўлиб юрди. Биз бунинг учун қанча қийналдик. Агар сиёсий ирода бўлмаганида шу нарсалар бўлармиди? Лекин бу – кураш. Кеча телевизорда кўрсатди, ўзининг, юртининг қадрига етган одам хурсанд бўлиб йиғлади. Миллатимизнинг қадр-қиммати бу» деганларида минг карра ҳақ эди.
Мен энг долзарб экологик муаммоимиз «Орол фожиаси» ва пахта номенклатураси, яъни айнан шу зироатчилик экинини етиштиришда йўл қўйиладиган мажбурий меҳнат, агар лозим бўлса, айтиш мумкинки, юз йиллар халқнинг шўрини қуритган, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод, болаларимизнинг таълим олишига, эмин-эркин ўсиб-улғайишига имконият яратиб келган сиёсат ва бу тизимнинг қисқа муддат ичида адолатли ислоҳ қилингани ҳақида бекорга гапирмадим. Зотан, айни шу икки масала бўйича ҳам янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳуқуқий қоидалар белгиланди. Чунончи, унинг 44-моддасида «Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллар таъқиқланади» деб ёки экологик муаммо бўйича мазкур Қонуннинг 49-моддасида «Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади» ва яна шу моддада «Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради» деб киритилди.
Бизга унчалик янгилик бўлмаган ушбу муаммоларнинг асосий Қонунимизга темир қоида сифатида киритилаётганидан юқорида келтирганимиздек, шу нарсани яна такрор бўлса-да, айтмоқчиманки, бу ўзгаришлар баъзи бировлар айтаётганидек, хорижий давлатлар ёки ташкилотларнинг «кўзини шамғалат» қилиш ёки уларга ёқиш учун эмас, балки узоқ йиллар ўйланган, халқимизнинг хоҳиш-иродасини ёрқин ифода этадиган масалалардир. Агар яхшилаб эътибор берсангиз, шу икки улкан, узоқ йиллар мобайнида ҳал этилмай, халқимизнинг ҳаёт тарзи, туриш-турмушига жиддий таъсир қилиб, янги ислоҳотларнинг йўлига тўғаноқ бўлаётган муаммолар Президентимиз бошқарувга келган илк кунларданоқ мамлакатимиз сиёсатининг устувор мақсадларидан бирига айланган эди. Ўтган олти йил давомида мазкур масалаларни ечишнинг ҳуқуқий-иқтисодий асослари яратилди. Ва ундан кейин Бош Қонунимизга қоида сифатида киритилмоқда. Зеро, бундай халққа қарши ишлаган сиёсатга, тизимга энди қайтмаймиз, дегандай. Аслини олганда, Қонунимиздаги шу «детал»нинг ўзи ҳам «ижтимоий давлат» тушунчасини тўлдиришга, қувватлашга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.
***
Янги таҳрирдаги конституциямиз лойиҳаси Парламентда тасдиқланиб, матбуотда эълон қилинганига ҳам мана, бир неча кун бўлди. Мен халқнинг, элнинг ичида юрган бир одам сифатида айтишим мумкинки, одамларимиз конституцион ислоҳотлардан рози. Кўпчилик, унга кўнглимдаги, мени узоқ вақтдан буён қийнаб юрган масалалар модда сифатида киритилибди, деса, яна баъзилар, комиссияга йўллаган таклифимни ушбу қонунда кўриб, очиғи, кўзимга ёш келди, биз каби оддий одамларнинг ҳам хоҳиш-иродаси, фикри ҳисобга олинадиган замонларга ҳам келарканмиз-ку, дейишмоқда хурсандчиликларини яширмай.
Сиёсий лисонимизда эскидан қолган бир қоида бўлардики, у мудом жамиятни давлатдан ажратиб кўрсатиш, ҳукмрон мафкура ёки сиёсат тираниясини ўзида ифода этаётгандек туюларди. Масалан, «…Юртбошимиз муаллифи бўлган ёки у кишининг раҳбарлигида, хоҳиш-истаги ва раҳнамолигида» деганга ўхшаш иборалар фақат бир нарсага, жамиятнинг иккинчи планда туришига ишора қиларди.
Бу галги ўзгаришлар эса олдингиларидан фарқли равишда, шаффофликда, жамиятнинг кўз ўнгида, халқимизнинг бевосита иштирокида ўтгани билан ҳам ўтмишдагиларидан фарқ қилади. Ҳақиқатан ҳам, илгарилари бундай муҳим ҳужжатлар ёки бевосита давлат ва жамият ҳаётига оид сиёсий қарорлар асосан ҳукумат ҳужраларида, ёпиқ эшиклар ортида ими-жимида ҳал этиларди. Бу сафарги лойиҳа муҳокамаси Парламентнинг ҳар икки палатасида очиқ муҳокама қилинди ва бу мунозаралар телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари томонидан тўғридан-тўғри олиб кўрсатилди. Яъни ҳеч бир иш халқимиздан яширинча, «енг ичида» амалга оширилмади. Қолаверса, кенг халқ муҳокамасига қўйилишида ҳам худди шундай йўл тутилди. Аҳоли асосий Қонунимиз бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, комиссия томонидан зарур, деб топилган таклифлар қабул қилинди. Шу маънода, ушбу қонунимизнинг ижодкори халқимизнинг ўзи бўлди, Конституциямиз чин маънода ХАЛҚ КОНСТИТУЦИЯСИга айланди, десак адолатли гапни айтган бўламиз. Бу жуда катта ва муҳим фактор.
Балким, атрофда ушбу ўзгаришлар жараёнига истеҳзо билан қараётганлар ҳам топилар. Бундай кимсалар ҳар доим, ҳар бир жамиятда бўлган ва бундан кейин ҳам бўлишига шубҳа қилмайман. Уларга берадиган жавобимиз битта: агар ҳукумат хоҳлаганида ёки нимадандир ҳадиксираганида шунча вақт, маблағ сарфламасдан бу масала, яъни конституциявий ислоҳотларни референдум йўли билан эмас, балки амалдаги Конституцияга биноан тинчгина, улар ўйлагандек бехавотир ва бехаражат ўтказиши ҳам мумкин эди. Хабари бўлмаганларга эслатамизки, ҳозир амал қилаётган Бош Қомусимизнинг 127-моддасида қуйидаги қоида муҳрланган: «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиришлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади».
Бизда нима бўлди? Барчаси очиқ-ошкор, халқимиз билан маслаҳатлашилган, кенгашилган ҳолда амалга оширилди. Мазкур Қонунга асосан ижтимоий тенглик принципи мутлақо адолатли мезонга олиб чиқилди.
Шу ўринда бўлажак янги Қонунимизнинг қалбимда чуқур ҳурмат уйғотган яна бир муҳим жиҳатини айтишни ўринли, деб билдим. Бу, бевосита давлат ва жамият орасидаги қутблашувнинг йўқолаётгани билан боғлиқ масаладир. Масалан, янги Қомусимиздаги ўзгаришлардан кўзда тутилган асосий мақсад, сиёсий элитага устувор қадриятлар яратишни эмас, жамиятни ҳимоя қилишга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир. Дейлик, юқорида эслаганимиздек, ҳокимиятлар бўлиниш принципи ёки юксак мартабали лавозимларга бир номзоднинг икки мартадан ортиқ сайланмаслиги адолат ва демократик тамойилларга мутлақо мос келади ва бу жамиятимиз, биргаликда барпо этаётган Янги Ўзбекистонимизнинг ёрқин истиқболига хизмат қилади.
****
Сиёсатчилар ўртасида «кечувда отни алмаштирмайдилар», деган машҳур гап бор. Бугунги кунда Ўзбекистонимиз, таъбир жоиз бўлса, мана шундай катта ислоҳотлар, янгиланишлар жараёни билан юзма-юз турибди. Халқимизни асов тўлқинлар, чуқур гирдоблар орасидан соғ-омон олиб ўтиш, албатта, осон эмас. Бунинг учун бизга ғоят тажрибали ва узоқни кўзлаб иш тутадиган, кеча-ю кундуз эл-юрт ташвиши билан яшайдиган донишманд Йўлбошчи керак. Барчамиз яхши хабардормизки, янги Конституциямизда Президентлик муддатини белгилаш бўйича ҳам модда киритилган. 65 фоизи ўзгарган Қонунда ушбу модданинг ҳам янгиланиши, бугун дунёда, минтақамизда ва мамлакатимизда кечаётган жараёнларга ҳамоҳанг тарзда таҳрир қилиниши, ўйлайманки, демократик қадриятлар, қолаверса, адолат нуқтаи назаридан ҳам мақсадга мувофиқдир.
Мен сўзим сўнггида шуни алоҳида айтишни истардимки, халқимиз эътиборига тақдим этилган Қонун ҳақли маънода ота-боболаримиз, ҳаёти сарсону саргардонликда кечган аждодларимиз, умри ва шаъни узоқ йиллар камситилган халқимизнинг асрий орзуси сифатида дунёга келди, десам янглишмаган бўламан. Зотан, мазкур конституциявий ислоҳотлар замирида, аввало, юртдошларимизга муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини яратиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўлим жазосини тақиқлаш, хусусий мулк ҳуқуқини кафолатлаш, қийноққа солишларнинг олдини олиш, суд қарорисиз мажбурий ушлаб туришга барҳам бериш, тазйиқлар, таҳқирларга чек қўйиш, тадбиркорлик йўлида ғов бўладиган ҳар қандай иллатлар билан муроса қилмаслик каби ўнлаб инсонпарвар мақсадлар мужассамлашгани бу ислоҳотлар аввало, инсон учун, халқимиз тараққиёти учун хизмат қилишини яққол намойиш этади.
Мен шу азиз Ватаннинг фарзанди сифатида халқимизни, айниқса, ёшларимизни мамлакатимиз Конституциясини ислоҳ қилиш бўйича ўтказиладиган референдумда фаол иштирок этишга ҳамда янгиланаётган Бош Қонунимизни қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақираман.
Ҳеч қачон унутмайлик, ана шу муҳим сиёсий тадбирдаги фаол иштирокимиз билан барчамиз Янги Ўзбекистонимиз пойдеворини янада мустаҳкамлаш, халқимиз, фарзанд ва набираларимиз учун янада тинч, эркин ва фаровон ҳаёт яратишга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Қудратилла РАФИҚОВ,
сиёсатшунос