Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан ишқини қалбига жо этган Бобур
10:26 / 2024-02-14

14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

Ўзбек мумтоз ижодкорлари меросини таҳлил қилар эканмиз, уларнинг асарларида ўзига хосликни, руҳий оламида бетакрорлик, бадиий ифодада жозибадорликни, ўй-кечинмалар уйғунлигида бадиий мушоҳада асосида адабиётга олиб кирганлигини гувоҳи бўламиз. Хусусан Маҳмуд Қошғарий туркий тилнинг луғат бойлигини бадиий-ифодавий услубда ёритса, Юсуф Хос Ҳожиб ахлоқий қарашларини фалсафий мушоҳада асосида, Бурҳониддин Рабғузий пайғамбарлар сифатларини содда ва самимий халқона талқинда, буюк даҳо Алишер Навоий инсоний туйғуларнинг юксакликка қадалган қирраларини “комил инсон” сиймоси орқали, Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса инсоний дардни Ватан ишқи, юрт васфи вобасталигида бера олганки, бу бадиий ижоднинг асрлар оша умрбоқий бўлишига олиб келган.  

Инчунин, ҳар бир адиб ижодида инсонийликнинг юксак қадриятлари турли жилолалар асосида бўй кўрсатганлигини кўриш, англаш мумкин. Дарҳақиқат, мумтоз ижодкорлар мероси улкан бир хазинаки, унда инсонийликнинг хилма-хил жилоларидан баҳраманд бўлиш имконини беради. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди ҳам ана шундай бетакрор ижод намунасидирки, унда шоҳ ва шоирликни уйғунлаштира олган улуғ сиймони кўрамиз. Хусусан, сиёсий арбоб Жавоҳарлаъл Неру таърифи билан айтганда: “Бобур – дилбар шахс, Уйғониш даврининг ёрқин ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган. У санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур қилишни яхши кўрарди” деб эътироф этган эди. Дарҳақиқат, Бобурда юксак ҳаётсеварлик билан бирга, руҳи уйғоқ маҳзун бир шоҳ сиймоси гавланади. Унинг шоҳлиги шоирлигида, шоирлиги эса шоҳлигида кўринади. Буни ижодкор лирик меросига олиб кирган нозик инсоний кечинмалар орқали билиш мумкин.  

Шоҳ сифатида юртдан айролик, тож-тахт учун курашларда атрофдаги инсонларнинг хиёнати ҳамда бевафолигидан тортган азоблари ва умрининг сўнггигача Ватан соғинчи билан яшаши унинг шеъриятига кўчганлигини кўрамиз. Бобур шоҳ бўлса-да, аммо ўзга юртларда бир ғариб гадодек, руҳан ёлғиз, кўнгил малҳами бўлгувчи дардкаши йўқлигини қуйидаги мисрлардан англаш мумкин:  

Кўпдин бериким, ёру диёрим йўқтур,  

Бир лаҳзаю бир нафас қарорим йўқтур.  

Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла,  

Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур.  

Бобур шеъриятининг мавзуси хилма-хил ва ранг-барангки, унда ишқ-муҳаббат, севги-садоқат, висол ва ҳижрон мавзусидан тортиб, она юрт соғинчи, уни қўмсаш, табаррук тупроғига талпиниш ва висол илинжи, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари ҳамда замона носозликларидан азоб чекиш каби инсоний кечинмалар бадиий таҳлил этилган. Чунончи, шоир адолатпарварлик, инсонпарварлик туйғуларини инсоний кечинмалар уйғунлигида ифодалар экан, тақдир синовлари, ҳаёт қийинчиликларидан машаққат чекканлиги, дард юкига асир бўлганлигини қуйидагича талқин этади:  

Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?!  

Хаста кўнглум чекмаган дарду балоси қолдиму?!  

Бобур лирикаси ана шундай инсоний фазилатлар, эзгу сифатларга бой, содда ва самимийдир. Шоир лирик мисраларидаги нозик ифодани билиш шоир оламини англаш туйғусини беради. Албатта, инсон олий хилқат, унинг умри азиз ва қадрлидир. Умрни ғанимат билиш эса, одамни инсоний сифатлар билан яшашга чорлайди. Чунончи:  

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз!  

Жамъиятингиз борини давлат тутунгиз!  

Чун гардиши чарх будурур,  

Тенгри учун, бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз!  

Дарҳақиқат, шоир лирик мисраларида Ватан туйғусини қалбга жо этган оташнафас ижодкор сифатида гавдаланади. Унинг Ватанга муҳаббати шунчаки эмас, балки она юртдан айролик, ҳаёт синовларидан тобланиш асосида юзага келган самимий туйғулардир. Бу самимий ҳислар китобхонга юртни севиш, уни асраш, қадрлаш туйғусини беради. Мана ўша машҳур рубоийсида шундай ёзади:  

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,  

Ҳар ишники, айладим — хатолиғ бўлди.  

Ўз ерни қўйиб,  

Ҳинд сори юзландим,  

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?!  

Ўз она диёридан мосуволик шоир қалбини ҳамиша изтиробга солган. Балки шу армон юки шоир қаламини чархлаган, ижодини ҳаётбахшлигини таъминлаган бўлса, не ажаб.  

Умуман олганда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси юксак бадиий савияда ёзилган ижод намунаси сифатида ўзбек мумтоз адабиётида беқиёс ўринга эгадир. Унинг бетакрор мероси инсонийлик, ватанпарварлик, эзгуликдан сабоқ беради, маънавий тарбиялайди. Бинобарин, шоир ижодининг марказида ҳам инсон, унинг камолоти, яхшилик асосида умр кечириши, ватанпарвалик туйғуси ила яшашга доир юксак ғоялар устувор. Бундай туйғу билан яшаш эса, ҳамиша инсонни етукликка, камолотга чорлайди. Зеро, маънавий етуклик буюк ижодкорларнинг юксак ғояларига эргашишда кўринади.  

Лола Азимова, 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси 

“Ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти” кафедраси катта ўқитувчиси,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори