Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан ҳимоясида бўлган ўғлон онасининг қувончи
13:54 / 2020-01-07

Онанинг фарзандга бўлган меҳрини бирор ўлчовларга солиб бўлмайди.


Онанинг фарзандга бўлган меҳрини бирор ўлчовларга солиб бўлмайди. 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қашқадарёда “Аскар оналарини шарафлаймиз” шиори остида ташкил этилаётган тадбирларда бу ҳолат яна бир карра ўз исботини топмоқда. 

Вилоят ҳокимлиги ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда айни пайтда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ аскарлар, уларнинг оналари, яқинлари, ҳарбийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Таъкидланганидек, кейинги йилларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила-аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада ҳарбий хизматнинг мақоми юксалиб, айниқса фуқароларнинг бу соҳага бўлган қизиқиши янада ошди.

2.jpg

– Мансуржон Шодиев кичик ўғлим, – дейди ғузорлик Ситора Сайфуллаева. – У болалигидан ҳарбий хизматга жуда қизиқарди. Йиллар давомида қилган ҳаракатлари бесамар кетмади. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, ўтган йили муддатли ҳарбий хизматга йўл олган эди. Ҳозир Сурхондарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида ўз йигитлик бурчини ўтамоқда. Келажакда ҳарбий хизматчи бўлишни мақсад қилган. Ўғлимнинг мана шундай шарафли касбни танлаганидан фахрланаман.

Тадбирнинг энг ҳаяжонли дақиқалари залга Сурхондарё вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ қашқадарёлик йигитларнинг қўлида гул билан кириб келиши бўлди. Бу учрашувдан қалби севинч ва ҳаяжонга тўлиб-тошган оналар ўз фарзандлари томон ошиқди. Кўзларига қувонч ёшлари қалқди. 

7.jpg

– Косон туманиданман, – дейди муддатли ҳарбий хизматчилардан бири Шаҳбоз Саиднабиев. – Оилада тўрт ўғилмиз. Аввал икки акам ҳарбий хизматга бориб келишган эди. Мен ҳам уларга қизиқиб, хизматга йўл олганман. Ўтган вақт давомида армияда катта ҳаётий тажриба тўпладим, билимларимни бойитдим, спортга қизиқишим янада ошди. Уйга қайтгач, кичик укамга ҳам албатта, ҳарбий хизматга боришни маслаҳат бераман. Ўзим эса шартнома асосида хизматни давом эттирмоқчиман. 

Аскар оналарига тадбир ташкилотчилари томонидан ташаккурномалар, эсдалик совғалари топширилди.

Санъаткорлар ижросидаги мардонавор куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади.