Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Президентимизнинг тегишли фармонига кўра бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Улар орасида “Мардлик” ордени соҳиби, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси подполковник Бекзод Рўзиев ҳам бор.
Ватан – биз туғилиб ўсган азиз маскан, киндик қонимиз тўкилган мўътабар тупроқ. Унинг тинчлиги ва осойишталиги йўлида мардлигу жасорат кўрсатиб, керагида ҳатто жонини фидо қилишга тайёр ўғлонлари бор экан, у ҳамиша юксалаверади. Зеро, Ватан ҳимояси йўлидаги мардлик фақат жанг майдонидагина содир бўлмайди. Асл қаҳрамонлик ва мардлик кундалик ҳаётимизда шу юрт равнақи учун хизмат қилиш, эл манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиб, миллий ғурур ва ўзликни англаган ҳолда, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаш демакдир.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси подполковник Бекзод Рўзиев ҳам ўзининг билим ва иқтидори, интилувчанлиги, ташаббускорлиги, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватан ҳимояси йўлида мардлик намуналарини кўрсатиб келаётган ўғлонлардан бири.
Етакчилик қобилияти
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани Кумушкент маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Шуҳрат ака ва Нодира опа Рўзиевлар оиласи бундан 36 йил муқаддам, 1987 йил 6 июнда туғилган Бекзоднинг келажакда ҳарбий бўлиши ва бу йўлда катта муваффақиятларга эришишини хаёлларига ҳам келтирмаган. Боиси оилада ҳарбийлик соҳасини танлаганлар бўлмаган.
Болалигидан етакчилик қобилиятига эга бўлган Бекзод, опаси ва акаси билан бир қаторда, укаси Бектош ҳамда синглиси Лайлони ҳам ўз ортидан эргаштиришга уринар, оиладаги тадбирларда ташаббускорлиги ва ҳаракатчанлиги билан алоҳида ажралиб турарди. Қатъиятли ҳамда қўрқмас қаҳрамонимиз тенгқурларига нисбатан анча шижоатли ва ғайратли эди. Кумушкент маҳалласида Баҳром ва Музаффар исмли икки ака-ука ҳарбийлар ҳам истиқомат қилишарди. Бекзод ҳар гал уларни ҳарбий либосда кўрганида кўнгли алланечук ҳаяжонга тўлар, шу чиройли либос унинг ҳам эгнида бўлишини жуда-жуда орзу қиларди. Қаҳрамонимиз келгусидаги ҳаёт йўлини айни ўша кезларда танлагани, йиллар ўтгач унинг тақдирида ўз ифодасини топди.
Мақсад сари йўл
Албатта, ҳар қандай орзу инсонни мақсад сари интилишга, ҳаракат қилишга ундайди, янги-янги марралар сари руҳлантиради. Каттақўрғон туманидаги 39-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олган Бекзод, 2005 йилда Тошкент Давлат техника университети қошидаги лицей-интернатда тарих ва инглиз тили йўналишида таҳсил олади. Ўқиш билан биргаликда жисмонан бақувват бўлиш мақсадида каратэ спорт тўгарагига ҳам қатнашиб, туман ва вилоят биринчиликларида ғолибликни қўлга киритади.
Болалигидан ҳарбий бўлишни ният қилган қаҳрамонимиз, ўз интилишлари натижасида 2005-2009 йилларда Самарқанд Олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик муҳандислик билим юртида таҳсил олади. Курсантлик даврида устозлари, (нафақадаги) подполковник Шокир Суяров ва подполковник Ўткир Ачиловлар ундаги салоҳиятга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, сардорлик ҳамда етакчилик қобилиятини янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшишади.
Тарих, инглиз тили ва математика фанларини яхши ўзлаштирган қаҳрамонимиз, олий ҳарбий таълим муассасасида ўқиган кезларида “Камолот” стипендияси соҳиби бўлади.
Шарафли касб масъулияти
Ҳарбий олий таълим муассасасини тамомлаган Бекзод Фарғона вилояти Фарғона туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида взвод командирининг ўринбосари лавозимида ўз хизмат фаолиятини бошлайди. Устозлари полковниклар Қаҳрамон Мўминов, Азизбек Солиев ва Фахриддин Қличевлардан бошқарув маҳоратини ўрганиб, Республикамизнинг турли ҳудудларида Давлат чегараларини ҳимоя қилишдек шарафли вазифани юқори масъулият билан ўтайди.
2017-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясининг икки йиллик магистратура босқичини тамомлаган подполковник Бекзод Рўзиев, бугунги кунда Андижон вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирининг командири.
Қаҳрамонимиз бошчилигидаги ҳарбий қисм жамоаси сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ва қўриқлашда жонбозлик кўрсатиб, жанговар хизмат фаолиятида эришаётган юқори натижалари учун бир неча бор “энг илғор қўшилма” ва “энг илғор ўқув-моддий базаси” номинациялари соҳиби бўлган.
Меҳнатлар эътирофи
Кўп йиллик фидокорона меҳнати, шахсий таркиби ва ўзининг жанговар хизмат фаолиятидаги муваффақиятлари эътироф этилиб, подполковник Бекзод Рўзиев 2015 йилда “Жасорат” медали билан тақдирланган. Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Мардлик” орденига муносиб кўрилиши эса қаҳрамонимизнинг қувончига янада қувонч қўшди.
– Бугун дунё ва минтақамиздаги тез ўзгарувчан, шиддатли ҳамда мураккаб вазият ҳарбий хизматчиларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириш билан бир қаторда, уларнинг маънавий салоҳиятини ҳам янада юксалтиришни тақозо этмоқда, – дейди подполковник Бекзод Рўзиев. – Шахсий таркибим билан ишларни ташкиллаштириш жараёнида айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратаман. Зеро, раҳбарлик бу – катта масъулият. Давлат мукофотини шахсан муҳтарам юртбошимизнинг қўлларидан олганимда қалбимда кечган ҳаяжонни сўз билан ифодалашим қийин. Ўша пайтда Ватан ҳимояси йўлидаги босилган ҳар бир қадамнинг албатта эътирофи ва эъзози бўлишини чуқур ҳис этдим. Кучимга-куч, шижоатимга-шижоат қўшган ушбу мукофот – нафақат менинг, балки, мен бошчилик қилаётган ҳарбий қисм, унинг ҳар бир фидойи ҳарбий хизматчисининг ютуғи деб биламан.
Ватан ичра кичик Ватан
Қаҳрамонимизнинг оиласига ҳавасингиз келади. Турмуш ўртоғи Нафисахон тиббиёт соҳасида фаолият юритади. Улар биргаликда Асадбек, Асилбек, Шукрулло ва Муҳаммадюсуф исмли тўрт нафар паҳлавон ўғилни тарбиялашмоқда. Катта ўғли Асадбек Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги Президент таълими муассасаси тизимидаги ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олади. Фарзандлари қайси касбни танлашидан қатъий назар, ўша соҳанинг эътирофга сазовор, яхши мутахассиси бўлишларини истайди.
Биз “Мардлик” ордени соҳиби подполковник Бекзод Рўзиевни юксак давлат мукофоти билан қутлаб, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашдек масъулиятли хизмат фаолиятида улкан зафарлар тилаб қоламиз.
Фарида Бобожонова,
ДХХ Чегара қўшинлари ходими, майор
ЎзА