Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан ҳимояси йўлида қурбон бўлганлар хотираси ёд этилди
20:37 / 2023-01-14

Андижонда Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Асосий тадбир Андижон шаҳри марказидаги Хотира хиёбонида ўтказилди.

Ватан, унинг эрки ва озодлиги йўлида қанча-қанча мард ва жасур ватандошларимиз азиз жонларини фидо қилган. Уларнинг қаҳрамонликлари, кўрсатган жасоратлари ҳеч қачон унутилмайди. Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан улар хотираси ёдга олинди. Андижон шаҳри марказидаги Хотира хиёбонига ўрнатилган мотамсаро она ҳайкали пойига вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар томонидан оркестр садолари остида гулдасталар қўйилди.

Шундан сўнг вилоят «Ёшлар маркази»да Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди, барчани байрам билан муборакбод этди.

[gallery-10283]

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан миллий армиямиз жанговар салоҳияти, мудофаа қудрати тобора юксалиб бораётганлиги, ҳарбий хизматчилар учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани таъкидланди.

Шундан сўнг мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизмат нуфузини оширишдаги катта хизматлари, жамиятда тинчлик ва барқарорликни, халқимиз осойишталигини сақлашга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ ҳарбийларга вилоят ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

– Хизматим эътироф этилиб, эътиборга муносиб кўрилганимдан беҳад мамнунман, – дейди Андижон шаҳридаги сафарбарлик резерв чақируви батальони взвод командири ёрдамчиси, 1-даражали сержант Жасурбек Фармонов. – Ушбу эътироф нафақат менга, балки бутун батальонимизга билдирилган ишонч ва эътироф, деб биламан. Кўрсатилган эътибор менга куч ва шижоат беради. Юрт ҳимояси йўлида янада фидойилик билан хизмат қилишга ваъда бераман.

Тадбир давомида намойиш этилган бадиий дастур, санъаткорлар томонидан ижро этилган Ватан, юрт ҳимояси, мардлик ва жасоратни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар байрам тадбирига янада файз киритди.

Ф.Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА