Андижонда Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллигига бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Вилоятнинг бош тадбири Андижон шаҳри марказидаги Хотира хиёбонда ўтказилди.

Бугун мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳарбий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, ҳарбий хизматчилар учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Натижада миллий армиямизнинг мудофаа қудрати, жанговар салоҳияти, нуфузи юксалиб бормоқда.

Қолаверса, Ватан ҳимоячилари кунида юрт ҳимояси, унинг эрки ва озодлиги йўлида қанча-қанча мард ва жасур ватандошларимиз азиз жонларини фидо қилганлигини ёдга олиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Уларнинг қаҳрамонликлари, кўрсатган жасоратлари ҳеч қачон унутилмайди.

Тадбирда уларнинг хотираси ёдга олинди. Андижон шаҳри марказидаги Хотира хиёбонига ўрнатилган Мотамсаро она ҳайкали пойига вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар томонидан оркестр садолари остида гулдасталар қўйилди.

– Ватан озодлиги, ҳимояси йўлида жон фидо қилган аждодларимиз, ўғлонларимизни ёд этиш фарз, – дейди тадбир иштирокчиси, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ўктамжон Охунов. – Ана шундай мард аждодларимиз, ўғлонларимиз билан ҳамиша фахрланамиз, уларнинг хотирасига эҳтиром кўрсатамиз.

Ушбу тадбир юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодни Ватанпарварлик, юртга садоқат ва ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилди.
Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбирлар вилоятдаги ҳарбий қисм, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида ҳам бўлиб ўтди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари