English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан ҳимояси учун бел боғлаган йигитлар учун бу синовлар навбатдаги ўқув машғулоти, холос
14:26 / 2022-01-31

Мудофаа вазирлиги “Чимён” тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар марказига уюштирилган сафаримиз ҳарбий хизматчиларнинг амалий машғулотлари вақтига тўғри келди.

Баланд чўққиларнинг салобати, қиш фаслининг каромати – оппоқ қорда товланиб, кўзни қамаштираётган қуёшнинг ўткир нурлари-ю табиатнинг гўзал манзараларидан бир ҳайратлансангиз, пурвиқор қоялар орасидан чанғида елдек учиб келаётган жангчилар, от устида улоқ талашаётган марди майдон чавандозлар, қуролини елкасига илиб, Ватан ҳимоясига отланаётган ҳарбий хизматчиларни кўриб, ўн чандон ҳайратга тушасиз.

Ғарбий Тяньшан тоғларининг Чотқол тизмаси этакларида – денгиз сатҳидан 1 700 метр баландликда бунёд этилган мазкур комплекс 316 гектар майдонга эга бўлиб, 2020 йилда фойдаланишга топширилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, замонавий талабларга тўла жавоб бера оладиган марказнинг яратилиши ҳарбийларимизнинг Халқаро армия ўйинларидаги имкониятларини каррасига ошириб юборди.

Бу ерда нафақат Халқаро армия ўйинларига тайёргарлик, балки ҳарбий хизматчиларнинг мунтазам равишда тоғли ҳудудлардаги қийин шароитларда жанг олиб бориш бўйича билим ва кўникмалари ҳам мустаҳкамлаб борилади.

Ушбу масканда ҳарбий хизматчилар тоғ тайёргарлиги бўйича ўз кўникмаларини ошириб, тўлиқ жанговар ҳолатда тик қояларда узоқ йўлни босиб ўтиб, отиш тайёргарлиги ва тактик тайёргарлик машғулотларини бажаради. Тоғли ҳудудларда оғир жанговар техникалардан фойдаланиш имкони йўқ. Шу сабабли чавандозлик кўникмалари тоғда хизмат фаолиятини олиб борадиган ҳарбийлар учун тайёргарликнинг асосидир.

Бундан ташқари, айни пайтда Ўзбекистондаги бошқа куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари ҳам ушбу марказда мунтазам машғулот олиб бормоқда. Ҳарбий йўриқчиларнинг таъкидлашича, қиш мавсумида вазифалар бироз мураккаблашади. Ана шундай шароитда тоғ тўсиқларини ошиб ўтишни тезлаштирувчи ва енгиллаштирувчи воситаларни қўллаш, экстремал шароитларда яшовчанликни ошириш, шартли беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларни тоғли ҳудудларда хавфсиз жойга кўчириш, баланд тоғ ҳудудларида ўқотар қуроллардан фойдаланиш каби машғулотларда ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллиги ошиб, касбий маҳорати тобланмоқда.

Шунингдек, сафар давомида марказда тайёргарликдан ўтаётган тоғ ишғол гуруҳларининг амалий машғулотларини ҳам кузатдик. Бўлинмалар томонидан чанғида ҳаракатланиб, жанговар вазифаларни бажариш, парапланда ҳаракатланиш, тоғ шароитларида шартли душман гуруҳини ишғол қилиш, отларда ҳаракатланиш ва чавандозлик машғулотлари намойиш қилинди.

Экстремал, 4–6 даража совуқ об-ҳаво шароити, бунинг устига тиззадан ошадиган қорда ҳаракатланиш ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигини текшириш учун жиддий синов, албатта. Ватан ҳимояси учун бел боғлаган йигитлар учун бу синовлар навбатдаги ўқув машғулоти, холос. Хулосамиз эса тугал: машқда қанча қийин бўлса, жангда шунча осон бўлади.

Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий

коммуникациялар департаменти ходими,

лейтенант.

ЎзА