Бугунги глобаллашув ва технологиялар асрида Ватан ҳимояси тушунчаси ҳам янгича мазмун касб этмоқда.
Энди юрт сарҳадларини ҳимоя қилиш нафақат жисмоний қудрат, балки интеллектуал салоҳият, рақамли тафаккур ва замонавий билимлар билан чамбарчас боғлиқ. Ана шу юксак мақсадлар йўлида Ўзбекистон Қуролли Кучларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни замонавий ҳарбий касбларга йўналтириш борасида янги уфқларни очмоқда.
Шу эзгу мақсадлар асосида Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун махсус пресс-тур ташкил этилди. Мазкур тадбир Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари, хусусан, Рақамли мудофаа ишлари бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишиш имконини берди.
Тадбир давомида журналистлар замонавий техника ва илғор ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган рақамли бошқарув тизимлари фаолияти билан танишди. Бу ерда ҳар бир рақам – тартиб-интизом, ҳар бир сигнал – масъулият, ҳар бир буйруқ эса Ватан тинчлиги сари йўналтирилган қатъий ирода ифодасидир.
[gallery-27085]
Рақамли мудофаа ишлари бошқармаси бугун нафақат маълумотлар маркази, балки тезкор қарорлар қабул қилинадиган, замон билан ҳамнафас ишлайдиган стратегик маскан сифатида фаолият кўрсатмоқда. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бугунги Қуролли Кучлар – бу нафақат қурол ва саф, балки тафаккур, технология ва Ватанга садоқат уйғунлигидир.
Тадбир якунида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилаётган ватанпарварлик тадбирларини халқимиз, айниқса ёшлар онгига етказиб беришдаги хизматлари учун бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакилларига Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг ташаккурномаси топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари