Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан ҳимояси – муқаддас бурч
17:41 / 2026-01-15

Ватан – муқаддас! Уни ҳимоя қилиш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бугун тинч юртда яшар эканмиз, бу осойишталик ўз-ўзидан келмаганини англашимиз зарур. Ватан ҳимояси фақат қурол тутган қўллар билан эмас, балки ҳушёр тафаккур, пок ният ва садоқат билан амалга ошажак. Шунинг учун ҳам “Ватан ҳимояси – ҳар биримизнинг виждоний масъулиятимиз” деган тушунча бугунги кун руҳига айни мос келади.

Тинч ва осойишта, фаровон ҳаётимиз мамлакатимиз Қуролли Кучлари томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинмоқда. Мана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, сарҳадларимиз дахлсизлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, ардоқласак арзийди.

Ватанни севиш, унинг ҳар қаричини ардоқлаш, юрт равнақи учун имкон қадар ҳисса қўша олиш чин инсонлик мартабасидир. Ватанпарварлик, юртга садоқат, халқ хизматига камарбасталик эса киши маънавиятидан, илм-маърифати, тарбиясидан дарак беради. Шу фазилатлар инсонни юксалтиради, ҳурмат-эътиборга сазовор қилади.

  

14 январь эса мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, ёруғ истиқболи йўлида матонат ва ғурур билан меҳнат қилаётган ҳар бир юртдошимиз учун улуғ байрам, десак муболаға бўлмайди.  

Айни пайтда юртимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан турли маънавий-маърифий учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Байрам тантаналари бугун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ҳам юқори кайфият ва ўзгача шукуҳ билан давом этди. Академияда “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” мавзусида маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ижро этилди. Шундан сўнг Академия ректори Музаффар Комилов тадбирни табрик сўзи билан очиб берди. Академия ректори ўз нутқида бугунги кунда юртимизда ҳарбий соҳага берилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда давлатимиз томонидан Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, миллий армиямизни модернизациялаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва интеллектуал тайёргарлигини ошириш билан бир қаторда, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун шароитлар яратиб берилмоқда.

Мазкур ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз Ватанимиз чегаралари дахлсизлиги, халқимиз осойишталигининг ишончли кафолати бўлиши билан бирга, ёш авлод учун мардлик, юксак ватанпарварлик туйғуси, Ватанимизга севги ва садоқат ҳисларини тарбиялайдиган ҳаёт мактабига айланди.  

Шундан сўнг тадбирнинг бадиий қисми бошланди. Байрам тадбирида Божхона қўмитаси ҳарбий оркестри чиқишлари, Талабалар театр студияси ижросида “Аввал Ватан” номли саҳна кўриниши, ватанпарварлик мавзусидаги қўшиқлар, шеърлар ижро этилди. Академия талабаларидан иборат «Қалқон» жамоатчилик гуруҳининг жанговар чиқишлари эса тадбирга ўзгача кайфият улашди. Ватан, юрт ҳимояси тараннум этилган шеърлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир якунида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси раҳбарияти ва Касаба уюшмаси томонидан байрам муносабати билан профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимлар учун совғалар, ваучерлар топширилди.

Шунингдек, байрам тадбирида фаол иштирок этган меҳмонлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Н.Усмонова, ЎзА