Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан ҳимояси муқаддас бурч
10:05 / 2026-01-15

Андижон вилоятидаги таълим муассасаларида “Тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етайлик!” мавзусида маънавий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилди.

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги қатор таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. Уларда тизим ходимлари, ўқувчи ва талаба ёшлар иштирок этди.

Тадбирлардан кўзланган мақсад бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий армиямизга ҳурмат, юксак маънавият ҳамда ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Унда сўз олган Андижон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Бунёд Эгамназаров мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жанговар салоҳияти йилдан-йилга изчил юксалиб бораётганини таъкидлаб, Ватан ҳимояси ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини қайд этди. Шунингдек, у фавқулодда вазиятлар тизими ходимларининг шарафли касби, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишдаги матонати ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Тадбирлар ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш, уларни юртга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.

Шунингдек, тадбирлар доирасида таълим муассасаларида фавқулодда ҳолатларни бартараф этишда фойдаланадиган ускуна ва воситалар, улардан фойдаланиш намойиши, соҳа ходимларининг кўргазмали чиқишлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди. 

Соҳа ходимлари ҳамда ёшлар ўртасидаги ўзаро мулоқот ва суҳбатлар давомида мутахассислар томонидан фавқулодда вазиятлар тизими, унинг фаолияти ҳақида иштирокчиларга кенг тушунча ва маълумотлар берилди. 

 Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари