Жиззах шаҳрида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 30 йиллигига бағишлаб “Халқ ва армия бир тану бир жондир!” шиори остида ҳарбий ватанпарварлик фестивали бўлиб ўтди.
Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбирга ҳарбий хизматчилар, вилоят мудофаа ишлари, халқ таълими, ички ишлар, миллий гвардия, чегара қўшинлари, фавқулодда вазиятлар, маданият, туризм ва спорт бошқармалари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари ходимлари иштирок этди.
[gallery-5371]
Эрталабдан аҳоли ва ёшлар ўртасида ўтказилган югуриш ҳамда веломарофонда мингдан ортиқ иштирокчи ғолиблик учун баҳс олиб борди. Тадбир давомида жанговар техникалар, миллий ҳунармандчилик буюмлари намойиши, қурол-аслаҳалар, ҳарбий кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотларининг кўргазмаси намойиш этилди. Ҳарбий хизматчиларнинг шаҳдам қадамлар билан юриши, Давлатимиз байроғи ҳилпираб турган ҳарбий техникаларнинг ўтиши иштирокчиларга завқ улашди. Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, ўқувчилар, талабалар, уюшмаган ёшлардан иборат иштирокчилар миллий халқ ўйинлари бўйича беллашди.
Хусусан, миллий кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, камондан ўқ отиш, қўл жанги, билак кучини синаш мусобақалари кескин ва муросасиз курашларга бой бўлди. “Менинг армиям менинг фахрим” шиори остида “Расм чизиш”, “Кубик-рубикни ким тез йиғиш”, “Ватанпарварлик қўшиқларни ижро этиш” бўйича танловлар ўтказилди. Турли мусобақа ва кўрик-танловларда ғолиб бўлган спортчилар, санъатсевар ёшларга диплом ва совғалар топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА