French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган кўргазма
11:41 / 2026-01-14

Пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Миллий армия — она юрт қалқони, тинчлигимиз ва осойишталигимиз посбони” номли бадиий кўргазма очилди.

Кўргазмада Ўзбекистон рассомларининг рангтасвир ва графика йўналишидаги асарлари намойиш этилиб, уларда халқимиз тарихида муносиб ўрин эгаллаган буюк саркардалар: Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Спитамен, шунингдек, жадидлар ҳаракати намояндалари: Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Усмон Носирларнинг жасорат, фидойилик ва юксак ватанпарварлик руҳи бадиий талқин этилган.

Тадбирда қайд этилганидек, мазкур асарлар орқали томошабинлар Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё тарихининг муҳим саҳифаларига назар ташлаб, ватан озодлиги ва тинчлиги йўлида хизмат қилиш шарафли бурч эканини яна бир бор англайди. Зеро, жамиятнинг ҳар бир аъзоси Ватан ҳимояси ва равнақи йўлида масъулдир.

Кўргазма экспозициясида Бадиий кўргазмалар дирекцияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи фондларидан олинган нодир асарлар ҳам ўрин олган.

Мазкур бадиий кўргазма жорий йилнинг 30 январига қадар давом этади.

Гулноза Бобоева,

ЎзА