French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан – Ҳақ юракка чизган харита
10:28 / 2025-03-01

Эссе

Тонг саҳарлаб йўлга чиқдик. Машинада Каттақўрғоннинг бепоён кенгликлари бўйлаб елдек учиб боряпмиз. Қуёш қирлар ортидан бўзариб, оғриниб бош кўтармоқда. Баъзи-баъзида уйларга рўбарў бўламиз. Йўл четидан кетаётган ўртабўй, озғин, қора куртка кийган киши эътиборимни тортади. Чамаси у ўттиздан энди ўтган. Қўлида чўпон таёқ. Чорвасини уйқусираб, ҳайдаб кетяпти. Қулоқлари кесилган қора ит эгасига эргашиб олган. Кучук думини ўйнатиб, йўл четидан беписанд илдамламоқда.

Бу жойлар каминага кўпдан таниш. Тупроқ йўллари-ю ердан бўртиб чиққан дўнглик ва бепоён текисликлар...

Ҳарбий қисмга етиб келганимизда шахсий таркиб кундалик машғулотларни олиб бораётганди. Кун яхшигина совуқ. Очиқ майдон эмасми, шамол ҳар томондан келиб урилади.

Бизни III даражали сержант Абдуҳошим Тўхтаматов қаршилади.

У билан аввал ҳам кўришгандик – мусобақада.

– Машғулотлар тушликдан сўнг бошланади, – деди у.

Тўхтаматов жуда киришимли йигит. Кўнгли ҳам очиқ. Қирра бурунли, кўзлари катта-катта. Қорамағиз. Ўзи озғин, аммо бўйи баланд.

Йўлхалта ва бошқа нарсаларимизни ётоққа жойлагач, полигонга йўл олдик. Ўқув жойларида ҳарбий хизматчилар берилган вазифаларни бажараётган экан. Улар ҳар бир топшириқларни шунақанги тезкор ва чаққон адо этяпти-ки, гўё кино кўраётгандек маҳлиё бўлиб қолдим. Гуруҳ етакчиси шахсий таркибга нишон жойлашган ҳудуд, унгача бўлган масофа ва бошқа зарур маълумотларни тўплаш, артиллерия қуролларини йўналтириш усулларини ўргатмоқда.

Ҳамкасбим – лейтенант Хайрулла Ўлмасов азаматларни тасвирга олишга тиришади.

Кейинги куни қуёш уфққа оғишганда ўқувлар якунланди. Вазифаларда гуруҳларнинг жипслиги, етакчиларининг бошқарувчанлик маҳоратлари мустаҳкамланди.

Ҳарбий қисмга қайтдик. Ўшанда Абдуҳошимни қайта кашф этдим.

– Яқинда Эрих Мария Ремаркнинг “Қарзга олинган умр” китобини ўқиб тугатдим, – деди III даражали сержант Тўхтаматов. – Жуда гўзал ёзилган. Ҳақиқийдек. Қаҳрамонлар тақдирига қаттиқ ачинади киши. Юрагим эзилди. Асар сўнгида мана шу жойим оғриб, ачишди, – чап қўли билан кўкрагини мушт билан уриб қўйди. Шунда унинг қўлларига назар соламан. Бақувват. Томирлари бўртиб чиқиб турибди. Машғулотларда тоблангани аниқ. Кейин:

– Дарднинг бегонаси бўлмайди, – дедим Абдуҳошимни кўзларига қараб. – Қолаверса, адабиёт ҳамиша кишини тарбиялайди.

– Тарбиялайди-тарбиялайди, – у гапларимни қошларини чимириб олганча такрорлади. Овози жонсиз ва аламли чиқди. Сўнгра: – Шу адибнинг “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” асарини аввалроқ ўқигандим, сиз ҳам ўқиган бўлсангиз керак?

Савол назари билан қаради. Мен бошимни силкиб, ўқиганлигимни тасдиқладим.

– Нақадар гўзал ёзилган, а. Урушда жувонмарг бўлган ёш йигитларнинг тақдири ҳар кимни ўйлантиради. Бетакрор, бироқ ачинарли. Ишонсангиз, мутолаа давомида кўзларимга ёш келган. Нафратим қўзиган. Бесамар уруш қурбонлари бўлаганда улар...

Тўхтаматов дафъатан жиддий тортди. Пешонаси тиришди. Қовоғини ҳам ўйиб олди. Қалин лабларини қаттиқ тишлаб, бир нуқтага тикилганча жим бўлиб қолди. Кейин шошиб сўзлай кетди.

– Мен нега ҳарбий хизматчи бўлганман, айтайми? – Абдуҳошим қалбининг тубидан чиқиб келаётган туғённи назорат қилишга тиришаётганди. Ҳамон қошлари осилиб турибди. Қорачиқлари кенгайган. Вужуди оҳиста титраётганини сезиб турибман.

– Масалан мен, онамнинг орзуси учун шу касбни танлаганман, – дедим унинг азобига чек қўйиш учун.

У чап қошини кўтариб, майин жилмайди. Ўнг қўли билан бош кийимини олди-да, сочларини тез тартибга келтирди. Унинг ҳаракатларида нотабиийлик бор эди. Нимадандир қаттиқ ранжиганини сезиб турардим. Сўнгра Абдуҳошим майда тош тўкилган йўлакдан чиқиб, тупроқли йўлга тушиб олди ва шахт билан юриб кетди. Таклиф қилмаса ҳам ортидан эргашдим. Эллик қадамдан кейин ўнг томондаги тош устига бориб ўтирди. Ёнига бориб хотиржам чўкдим.

– Ватанга бўлган муҳаббат устун келгани учун, – деди у жиддий туриб. – Болалигимдан меҳрим юқори бўлган. Бугун эса, у янада қайнаб-тошмоқда, –  Абдуҳошимнинг овози хиралашганди. Томоғи дафъатан бўғилди. Тиззасига тираб олган чап қўлини мушт қилиб, маҳкам тугиб олган. Менга қарамай гапида давом этди:

– Ватан сизу бизга омонат эмасми? – деди III даражали сержант Тўхтаматов тўғрига қараб. Кейин ўзининг саволига ўзи жавоб берди. – Омонат. Мана шунинг учун ҳам уни ҳамиша асраш керак. Чунки, бу менинг заминим. Муқаддас маконим. Меники. Халқимнинг осойишталиги ҳам зиммамда. Олган ҳар бир нафасимда Ватан бор. Айтган ҳар каломимда фақат унгагина бўлган севги уфуриб туради.

Негадир юрагим увуша бошлади. Танамда майин титроқ турди. Кўзимнинг олди хиралашди. Ўртага оғир жимлик чўккан. Иккимиз ҳам жим ўтирибмиз. Дафъатан Абдуҳошимдан хижолат торта бошладим. Туриб кетсамми, деган хаёл миямга урилди. Кейин ёнимдан майдароқ тош олиб, чамаси беш қадам нарида қуриб-қовжираб, сўппайиб турган қушқўнмасга қарата отдим. Лекин “ўқ” нишонга тегмади. Тош тушган жойдан совуқ, сарғимтир чанг ҳавога ўйнаб, кўтарилди. Абдуҳошим қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.

– Сиздан мерган чиқмайди, – деди у елка оша менга қараркан. Шунда унинг юзини алам қамраб олганини кўрдим. – Тайёргарлик кўрмагансиз. Тобланмагансиз. Ўқинг. Изланинг ва ўрганинг. Киши ҳамиша касбининг моҳири бўлиши керак. Буни ҳамма ҳам киймайди, муносиб бўлинг!

Абдуҳошим эгнимдаги ҳарбий либосга тушган чангни ўнг қўли билан қоқиб қўйди.

– Шу йўлдамиз, – дедим. Аммо овозимни ўзим аранг эшитдим. Лабларим қуриб қолганди.

– Ҳамма ҳам йўлга чиқиши мумкин, бироқ манзилга энг зўрлар етиб боради, билсангиз, – энди у ғазаб билан гапирарди. – Уларни бедорлар, деймиз. Қалбида замин учун масъулият юқори бўлганлар ана шунга қодир бўлади. Биласиз, мен артиллериячиман. Биз учун нишонни йўқ қилиш муҳим. Масофаси олис бўлса ҳам бунинг уддасидан чиқамиз.  Чунки касбий билимга келганда хотиржамликка берилмаймиз. Изланишдан тўхтамаймиз. Мана шу жойларда касбимиз сирларини ўрганамиз.

У қўли билан олдимизда ястаниб ётган кенгликларни кўрсатди.

Тўғрига қарайман. Узоқдан ҳарбий хизматчилар бир чизиққа терилиб, ҳарбий қисм томон кетиб борарди. Улар кўп ўтмай майдалашди, сўнгра тамомман кўзга кўринмай қолди.

Қўл телефоним жиринглади. Кўтарсам – лейтенант Хайрулла Ўлмасов экан.

– Ҳозир боряпман, – дедим унинг саволига жавобан совуққина қилиб. Сўнгра туришга тараддудлана бошладим. Абдуҳошим мақсадимни англади чоғи, у ҳам сакраб ўрнидан турди.

– Бўлмаса, кетдик, – кийимини тўғрилашга тушди III даражали сержант Тўхтаматов. Кейин бош кийимини бостириб кийди. Қўлларини кенг ёйиб, керишди. Аммо ранги ҳали ҳам бўзариб турибди.

Нотекис жойдан ёнма-ён кетяпмиз. Иккимиз ҳам бир хил қадам ташлаб, бир хил нафас олиб-чиқаряпмиз. Чамаси йигирма дақиқа ана шундай кетдим. Кейин Абдуҳошим таққа тўхтайди.

– Энди буёғига ўзингиз етиб оласиз, – деди у жиддий туриб. – Гуруҳим билан  тунда машғулотларда қатнашамиз. Йўқ, сиз хижолат тортмай кетаверинг. Хавотир олманг, бу ерлар ҳам ўз маконингиз. Гарчанд сиз бегона бўлсангиз ҳам у сизни ўзиники, деб ҳисоблайди. Муносиб бўлиш керак. Бўлди,  гапларингизга ишонаман, бошқа чорам ҳам бормиди? – у жилмайди. Аммо озғин юзи ғазабдан кўкариб кетганди.

Биз қўл бериб хайрлашдик. Кўзимни унинг нигоҳидан олиб қочдик. Тик қарай олмадим.

Сўнгра Абдуҳошим келган жойимиз томонга югуриб кетди. Қадамлари катта-катта ва тез эди. Мен эса Ўлмасовни олдига кетяпман. Нимадир бўғзимга тиқилади. Аччиқ. Аламли. Оёқларим остини қаттиқ-қаттиқ тепаман. Яна чанг устимга тирмашади. Энгашиб, кийимимни тозалайман. Тепамдан нимадир учиб ўтади. Осмонга қарайман. Сар лочин кезиб юрибди. Дўстим, шоир марҳум Мансур Жумаевнинг шеъри эсимга тушади. Овозимни баланд кўтариб ёддан уни ўқий бошладим. Хириллоқ ёқимсиз товушим тупроққа қоришиб, заминга сингиб кетади:

– Бир юрак юртимдан олмас арита,

Бир йўл умримдаги минг жар, минг бурум.

Ватан – Ҳақ юракка чизган харита,

Ўчириб бўлмайди ўлмасдан бурун.

Шоҳрух САИДОВ, капитан

“Ватанпарвар” мухбири