English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан фидойи фарзандларини унутмайди
10:26 / 2024-08-22

Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами муносабати билан Мудофаа вазирлигининг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий хизматчилари “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди” шиори остида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларни ёдга олиб, улар улғайган хонадонларда бўлишмоқда.

Марҳум кичик сержант Муҳиддин Эштемиров 2001 йил Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида бир гуруҳ жангарилар билан тўқнашувда қаҳрамонлик кўрсатиб, мардларча ҳалок бўлган эди. Термиз туманида камолга етган ватанга содиқ, жасур ҳарбий хизматчи униб-ўсган хонадонда бўлган тинчлигимиз қўриқчилари унинг онаси Манзура Диллаева ҳолидан хабар олди. Энг улуғ, энг азиз байрам билан табриклаб, дилдан суҳбатлашди. Мард, ботир ва қасамёдига содиқ фарзандни камолга етказган онаизорга чуқур миннатдорлик билдириб, Муҳиддиннинг ажойиб фазилатларини эслашди. Қаҳрамоннинг болалик ва ёшлик йилларидаги суратлари билан танишди. Қисқа, аммо жасоратга йўғрилган ҳаёти даврида олган мукофотлари, Ватан ҳимоясида бўлган даврларда ёзган мактубларини кўздан кечиришди.  

Тоғли ҳудуддаги жанговар ҳаракатларда мардларча ҳалок бўлган ботир жангчининг хизмати вафотидан сўнг давлатимизнинг юксак мукофоти – “Жасорат” медали билан тақдирланди. “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига 10,15,20 йил”, “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил”, “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” сингари эсдалик нишонлари билан мукофотланди. Айни пайтда М.Эштемиров улғайиб, вояга етган маҳаллага Муҳиддин Эштемиров номи берилган. У таълим олган мактабига бюсти ўрнатилган.  

Шу куни ҳарбий хизматчилар Муҳиддин Эштемиров улғайган хонадонга Мудофаа вазирлиги томонидан ажратилган пул маблағлари ва қўмондонликнинг байрам совғаларини топширди.  

Тадбир доирасида, шунингдек, мустақиллик йиллари хизмат бурчини бажариш чоғида тан жароҳати олган ҳарбий хизматчиларнинг ҳолидан ҳам хабар олиниб, байрам совғалари етказилди.  

Вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам мустақиллик йиллари хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва тан жароҳати олган Ватан ҳимоячилари ҳолидан хабар олиш давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири