French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватан эътирофи
13:33 / 2025-09-01

Мамлакатимизда жадал суръатлар билан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ўз меҳнати, фидойилиги ва масъулияти билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган инсонларга ҳурмат ва эътибор кучайиб бормоқда. Айниқса, юртимизда энг улуғ ва қутлуғ сана — Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда жамоатчилик орасида муносиб иззат-икромга сазовор бўлган фидойиларнинг давлат мукофотлари билан тақдирланиши бу эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Жиззах вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали маросимда турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб келаётган, фидокорлиги билан танилган 12 нафар юртдошимиз давлат мукофотлари билан тақдирланди. Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев сўзга чиқиб, фидойи фуқароларни байрам ва мукофотлар билан самимий табриклади.

Ватан равнақи учун хизмат қилган ҳар бир шахс муносиб эътирофга лойиқ. Бу сафар ҳам турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган шифокорлар, ўқитувчилар, фермерлар, муҳандис ва техник ходимлар, маърифатпарварлар, тадбиркорлар, фаол хотин-қизлар, ҳунармандлар ва ҳатто юз ёшдан ошган фидойилар давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғайрат Қодиров I даражали “Шон-шараф” ордени, Шароф Рашидов туманидаги биолаборатория раҳбари Парахат Набиева “Дўстлик” ордени, жарроҳ Холиёр Аҳмедов  II даражали “Саломатлик” ордени, шунингдек, Фориш туманидаги видеомонтаж устаси Мансур Суюнов “Жасорат” медали, 100 ёшдан ошган Анор Кенжаева, Равшан Абдуллаев, Юлдош Адилов, Мелиқўзи Артиқов, Шерзод Сориев, Дилфуза Турсунбоева  каби фидойилар эса “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Бу инсонлар ўз соҳаларида сидқидилдан меҳнат қилиб, халқ манфаатини биринчи ўринга қўйган, давлатнинг ишончига сазовор бўлган шахслардир. Улар ҳақли равишда эл ҳурматига сазовор бўлдилар. 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари